Самарқандда ўқувчилар мактабга эшакларда бораётгани юзасидан изоҳ берилди
Ҳозирда болаларнинг мактабга хавфсиз ва қулай қатнашлари учун чора-тадбирлар кўриб чиқилмоқда

Ижтимоий тармоқларда мактабга эшакларда бораётган ўқувчилар акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати изоҳ берди.
Маълум қилинишича, видеода акс этган ҳолат Каттақўрғон туман марказидан 40 км узоқликда жойлашган Бургансой МФЙ Олмосувон қишлоғидаги 84-сонли умумий ўрта таълим мактабида содир бўлган.
Ушбу ҳудуд Қўшработ тумани билан чегарадош бўлиб, тоғ ёнбағирларидаги кичик ва тарқоқ қишлоқлардан иборат. Ички йўллар асосан сўқмоқлардан ташкил топган.
Айни пайтда асосий мактабда 92 нафар ўқувчи, мактаб филиалда эса 21 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Мактаб филиали билан асосий бино ўртасидаги масофа 3 км, асосий бинога қатнайдиган энг олис масофа эса 4 кмни ташкил этади.
5–11-синфларда жами 74 нафар ўқувчи таҳсил олади. Шундан Олмосувон қишлоғидан 45 нафар, филиал ҳудудидаги Қўшамазор қишлоғидан 13 нафар, Тўлали қишлоғидан 17 нафар ва Жилқиҳайдар қишлоғидан 17 нафар ўқувчи асосий бинога қатнайди.
Тоғли ҳудуд ва аҳоли пунктларининг тарқоқ жойлашгани сабабли маҳаллий аҳолининг аксарият қисми, жумладан, кундалик ҳаракатланишда ушбу уловлардан фойдаланади.
Ҳозирда мутасадди ташкилотлар томонидан ушбу олис ва тоғли ҳудудларда ўқувчиларнинг мактабга хавфсиз ва қулай қатнашларини таъминлаш, шунингдек, йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича тегишли чора-тадбирлар дастури кўриб чиқилмоқда, — дейилади хабарда.





