Чирчиқда нарколаборатория ташкил қилган шахслар ушланди
Ҳозирда уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган

Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида жойлашган кўп қаватли уйлардан биридаги хонадонни ижарага олиб, гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланган 4 нафар фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Жумладан, 2000 ва 2002-йилларда туғилган мазкур шахслар Telegram мессенжеридаги хорижлик кураторлари томонидан контрабанда йўли билан етказиб берилган «гашиш мойи» ва ярим тайёр маҳсулотларни қайта ишлаб, «гашиш» гиёҳвандлик воситасини тайёрлашган.
Хонадон кўздан кечирилганда, тахминий оғирлиги 400 гр бўлган «гашиш», 5 кг ярим тайёр маҳсулот, наркотикларни қуритиш учун мўлжалланган электр печ, миксер, қўлқоплар, ҳимоя воситалари, тарози ва елим идишлар ашёвий далил сифатида олинган.
Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, ушбу шахсларнинг 1 нафари муқаддам Россияга, 2 нафари эса Ветнам ва Таиланд давлатларига бориб, лаборатория шароитида наркотик моддалар тайёрлаш билан шуғулланишган.
Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 276¹-моддаси 3-қисми «а» ва «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





