Тошкентдаги Миллий кутубхона ортида автотураргоҳ барпо этилади

Бундан ташқари, workout-зона, болалар майдончаси, умумий овқатланиш шохобчаси, велойўлак, пиёдалар сайр йўлаклари, савдо нуқталари ҳамда енгил конструкцияли спорт мажмуаси барпо этиш режалаштирилмоқда

Тошкентда Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона ортидаги ҳудуд автотураргоҳ ташкил этиш ва ободонлаштириш учун хусусий шерикка берилиши режалаштирилмоқда. Тегишли қарорни пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов имзолади.

Лойиҳа Юнусобод туманининг «Қашқар» маҳалласидаги 13 минг квадрат метр майдонда амалга оширилади. Ҳозирда бу ерда яшил майдонга эга хиёбон жойлашган. Хусусий шерик билан битим 10 йил муддатга тузилади, инвестиция ҳажми эса камида 10 миллиард сўмни ташкил этиши керак.

Автотураргоҳдан ташқари, ҳудудда workout-зона, болалар майдончаси, умумий овқатланиш шохобчаси, велойўлак, пиёдалар сайр йўлаклари, савдо нуқталари ҳамда енгил конструкцияли спорт мажмуаси барпо этиш режалаштирилмоқда. Лойиҳа битим тузилганидан кейин 3 ой ичида тўлиқ ишга туширилиши лозим.

Шу билан бирга, ушбу ҳудудда капитал қурилиш ишларини олиб бориш тақиқланади. Қарорда хусусий шерик дарахт ва гуллар экиши ҳамда мавжуд дарахтларга зарар етказмаслиги кераклиги алоҳида кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон