Шавкат Мирзиёев Сердар Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди
Давлат раҳбари Туркманистон президентини таваллуд куни билан самимий қутлади

22 сентябрь куни Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлат раҳбари Туркманистон президентини таваллуд куни билан самимий қутлаб, унга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва давлатчилик фаолиятида янги муваффақиятлар тилади.
Ўзбекистон президенти Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга ўзининг самимий саломини айтди. Туркманистон президенти, ўз навбатида, давлат раҳбарига Туркман халқининг миллий етакчиси номидан энг эзгу тилакларини етказди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон – Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсиб бораётгани, энергетика, транспорт ва бошқа муҳим соҳаларда кооперация лойиҳалари амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
«Шовот – Тошҳовуз» қўшма савдо зонасининг самарали фаолиятини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, минтақавий кун тартибига оид айрим масалалар, жумладан, Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви ҳамда Туркманистонда бўлиб ўтадиган МДҲ саммитига тайёргарлик кўриш юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқот якунида мамлакат етакчиси биродар Туркманистон президенти ва халқини яқин кунларда нишонланадиган миллий байрам – Мустақиллик куни билан табриклади.





