Telegram’да «3 ёшли Эъзоза ёрдамга муҳтож» номли гуруҳ очиб, хайрия пулларини ўзлаштирган 19 ёшли қиз қўлга олинди

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси 1-минтақавий ҳудуд ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Telegram тармоғи орқали хайрия учун деб 10 миллион сўм ва 1400 АҚШ доллари миқдоридаги пулни фирибгарлик йўли билан ўзлаштираётган шахс Самарқанд шаҳрида қўлга олинди. Бу ҳақда ИИББ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: ИИББ ахборот хизмати

Хабарда маълум қилинишича, 2020 йилнинг 13 август куни Тошкент вилояти ИИББ 1-минтақавий ҳудуд бошлиғи номига Чирчиқ шаҳарида яшовчи Эъзозанинг отаси фуқаро Э.Гулметов ариза билан мурожаат қилган. У ўз аризасида ноъмалум аёл унинг қизи Эъзозага тегишли бўлган маълумотларни ўзлаштириш орқали Telegram тармоғида ташкил этилган «Эъзозага ёрдам» гуруҳида ўзини гўёки Эъзозанинг онаси деб таништириб, фирибгарлик йўли билан хайрия пулларини ўзлаштираётгани ҳақида баён қилиб, унга тегишли чора кўришни сўраган.

Ҳолат юзасидан ИИББ тезкор ходимлари томонидан олиб борилган суруштирувлар давомида ушбу аёлнинг Эъзозага ёки унинг яқин қариндошларига ҳеч қандай алоқаси йўқлиги аниқланган ва жиноятнинг барвақт олдини олиш мақсадида тезкор тадбир ташкил этилган.

Тадбирга ўз ихтиёри билан кўмаклашишга розилик билдирган Эъзозанинг отаси интернетдаги номаълум аёл билан шартли равишда «саховатли инсон» бўлиб, телефон орқали мулоқотга киришган. Шунда аёл Эъзозанинг онаси эканлигини ва қизчанинг кунлик муолажалари учун зудлик билан 25 миллион сўм пул зарурлигини, унинг аҳволи оғирлигини ва ўзи Самарқанд вилоятида эканлигини айтиб, хайрия пулларини олиш учун Тошкент шаҳрида ички ишлар ходими бўлиб ишловчи танишини юборишини айтган.

Шундан сўнг тадбирга ИИВ ЎХБ Тошкент вилояти бўйича бўлими ходимлари ҳам жалб этилади ва соат 17:30 ларда белгиланган жойга келиб «саховатли инсон»га ўзини ички ишлар органларида хизмат қилувчи деб таништирган Ш. исмли шахс хайрия сифатида берилаётган келишилган пулларни олаётган вақтида тадбир қатнашчилари томонидан далилий ашёлар билан ушланган.

Фото: ИИББ ахборот хизмати

Текширув давомида у аслида 1981 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган Самарқанд—Тошкент йўналишида йўловчи ташиш билан шуғулланувчи Ш.Б. эканлиги ва бирон-бир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органда хизмат қилмаслиги аниқланган.

Ушланган шахс билан ўтказилган суҳбат давомида унга номаълум аёл қўнғироқ қилиб, Тошкент шаҳрида 10 миллион сўм ва 1400 АҚШ доллари миқдоридаги пули борлигини, фақат пулни олаётган одамга ўзини ички ишлар органи ходими деб таништиришини илтимос қилганлигини ва бунинг эвазига 200 минг сўм почта пули олишга келишганини маълум қилган.

Ҳайдовчи Ш.Б. ўз ихтиёри билан тезкор тадбирни давом эттиришга розилик билдирган.

14 август куни Самарқанд шаҳрида тезкор тадбир давом эттирилиб, фирибгарликда гумонланувчи аёл ҳайдовчи Ш.дан келишилган пулларни олаётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Фирибгарликда гумонланган шахс 2001 йилда туғилган, турмушга чиқмаган Самарқанд шаҳрида яшовчи М.М. эканлиги аниқланган. Ўтказилган суҳбат давомида у Тelegram тармоғида фаол эканлиги ва бир-биридан фарқ қилувчи 8 та аккаунтдан фойдаланиши, уларнинг 4 таси АҚШ рақамларидан очилганлиги аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан фуқаро М.М.га нисбатан Қибрай тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, ИИББ ушбу ҳолат юзасидан воқеа жойларида туширилган тезкор тасвирлар яқин вақт ичида видеоконтент тарзида намойиш этилишини маълум қилган.

Аввалроқ Олтиариқда фирибгарлик содир этиб, қидирувда бўлган шахс қўлга олингани хабар қилинган эди.

Янгиликлар