Бухорода 8 ёшли қизга жинсий аъзосини кўрсатган эркакка нисбатан жиноят иши қўзғатилди

«Инсон» маркази томонидан вояга етмаган қизга ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича чоралар кўрилмоқда

Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида вояга етмаган қизга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этилгани тўғрисида хабар тарқалди. Вазиятга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси томонидан муносабат билдирилди.

Аниқланишича, 2026-йил 23-октабр куни Қоракўл тумани ҳудудида фуқаро Ш.Р. томонидан 2018-йилда туғилган вояга етмаган қизга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қоракўл туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 129-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов жараёни прокуратура назоратида.

Қоракўл туманидаги «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази томонидан вояга етмаган қизнинг ҳолати ўрганилиб, унга зарур ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, мазкур ҳолат Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан назоратга олинган.

 

Ўзбекистон