Тошкентда 30 та қурилиш ташкилотига огоҳлантириш берилди, корхоналарга чиқиндиларни камайтириш топширилди

Мутахассислар Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосининг сифати бўйича мониторинг ўтказишда давом этмоқдалар

Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосининг сифати бўйича мониторинг ўтказиш давом эттирилмоқда, деб хабар беради Экология қўмитаси матбуот хизмати.

Таъкидланишича, ҳолатга түнда шаклланган кучли ҳарорат инверсияси ва қуруқ ҳаво ҳамда ёғингарчиликсиз шароит сабаб бўлмоқда. Шунингдек, кучсиз шамол шароити шаҳар устида маҳаллий атмосфера ташламалари туриб қолишига қулай шароит яратмоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлигидан асосий кўчалар ва йўл четларидаги қум-чангни йиғиштириб, мавжуд фаввораларнинг ишлатилишини ташкил этиш, 30 та йирик қурилиш ташкилотларининг чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини камайтириш, Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда фаолият юритаётган 7 та IES, атроф-муҳитга таъсири бўйича 131 та йирик хўжалик юритувчи субъектларга атмосферага чиқариладиган ташламалар миқдорини 2 баробарга камайтириш бўйича огоҳлантириш берилган.

Мазкур огоҳлантириш юзасидан Махсус мобил лаборатория корхоналарнинг атмосферага чиқараётган ташламалар миқдори мониторингини олиб бормоқда.

Ҳаво сифати ёмонлашган даврларда болалар, кексалар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар, шунингдек, юрак-қон томир ва нафас олиш тизими касалликлари бўлган фуқароларга очиқ ҳавода узоқ вақт қолмаслик, жисмоний фаолликни чеклаш ва ҳимоя ниқобидан фойдаланиш тавсия этилди.

Ўзбекистон