Сирдарёда 13 млн сўмдан ортиқ алимент тўламаган шахсга 15 сутка қамоқ жазоси тайинланди

Сирадарё вилояти Оқолтин туманида 13 миллион сўмдан ортиқ алимент тўламаган шахсга 15 сутка қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси «Tez News»га хабар берди.

Маълум қилинишича, Мажбурий ижро бюросининг Оқолтин туман бўлими иш юритувида Фуқаролик ишлари бўйича Оқолтин туманлараро судининг 2018 йил 11 мартдаги СБ-92-2018-сонли суд буйруғига асосан қарздор Ж.Мўминовдан ундирувчи Ш.Хамроқулова фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзанди таъминоти учун алимент ундириш белгиланган. Мазкур ҳужжат бўйича олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида қарздорга бир неча бор расмий огоҳлантиришлар берилган.

Қайд этилишича, қарздор алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаган ва уни топиш имконияти бўлмаганлиги сабабли белгиланган тартибда қидирув эълон қилинган. МИБнинг Оқолтин туман бўлими тезкор қидирув ходимлари томонидан қарздор топилиб, бу мажбуриятдан қочиб бўлмаслиги юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилган. Қарздор Ж.Мўминов тушунтириш тадбиридан кейин ҳам алимент пулларини тўлашни пайсалга солиб келган.

Давлат ижрочисининг алиментни ҳисоблаш тўғрисидаги қарори билан унинг қарздорлиги 2020 йил 17 август ҳолатига кўра, 13 миллион 136 минг сўмни ташкил этганлиги аниқланиб, МИБнинг Оқолтин туман бўлими томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-4-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган ва кўриб чиқиш учун Оқолтин туман маъмурий судига юборилган.

Мазкур суднинг 2020 йил 18 августдаги қарорига асосан қарздор Ж.Мўминовга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Aвалроқ Каттақўрғонда 5 ойлик алимент пулини тўламаган шахсга жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинган эди.

Янгиликлар