Наманганда фуқарони 200 минг долларга чув туширган фирибгарга жиноят иши қўзғатилди

Наманган шаҳрида фуқародан олган 200 минг АҚШ долларига тенг бўлган 10 минг дона транспорт воситаси усти учун осма ғилофларни сотиб юборган ва пулларини ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборган фирибгарга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Маълум бўлишича, 25 ёшли И.М. ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида 2019 йилнинг 22 март куни Наманган шаҳрида 36 ёшли Н.А.нинг ишончига кириб, унга тегишли жами 10 минг дона транспорт воситаси устига осма ғилофларга харидор топганлигини, шунингдек, уларни сотиб, пулини 10—15 кунда беришини айтади. Бироқ фуқарони алдаб, ҳар бир осма ғилофларни 20 АҚШ долларидан келишиб, жами 200 000 АҚШ долларига тенг бўлган осма чехолларни олиб кетган. Уларни сотиб юбориб, ваъдасининг устидан чиқмасдан, пулларни ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан И.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Aндижонда фуқарога 20 миллион сўм эвазига ер олиб беришни ваъда қилган, Самарқандда пластик картадан яширин равишда 3 миллион сўмга яқин пулларни ечиб олган фирибгарлар қўлга олингани ва Каттақўрғонда абитуриентни 8000 минг доллар эвазига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган шахсга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар