Қўқонда автосалондан «Damas» олиб чиқиб бериш эвазига танишини 5000 долларга «ухлатган» шахс қўлга олинди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида автосалондан «Damas» олиб чиқиб бериш эвазига танишини 5000 долларга «ухлатган» шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Қўқон шаҳрида фуқаро Т.В. таниши С.К.нинг ишончига кириб, Янги чорсу кўчасида жойлашган автосалонда ишлашини таъкидлаган. Сўнгра «Damas» автомашинасини олиб беришини айтган ва 5000 доллар миқдорда пул олган. Aммо фуқаро Т.В. ваъдасини бажармай, пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қувада бизнес ҳамкорини 25 минг долларга «ухлатган» фуқаро, Риштонда салкам 59 миллион сўмга чув туширган фуқаро қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, Марғилонда қарзга олинган 4 та машинани сотиб, пулини эҳтиёжига сарфлаб юборган фирибгар ҳамда Қўқонда «Captiva» олиб беришини айтиб, фуқаронинг 22 800 доллар пулини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган фирибгар ушлангани маълум қилинди.

Янгиликлар