Қўқонда «Captiva» олиб беришини айтиб, фуқаронинг 22 800 доллар пулини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган фирибгар ушланди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида фуқаронинг ишончига кириб, «Captiva» машинасини олиб беришни айтган, бироқ унинг 22 минг доллардан ортиқ пулини олиб, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган фирибгар қамоққа олинди, деб хабар берди Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати.

Маълум бўлишича, Қўқон шаҳрида 2019 йилнинг декабрь ойида С.Х. фуқаро С.У.нинг ишончига кириб, номида бўлмаган «Captiva» автомашинасини ўзига тегишли эканлигини ва номига расмийлаштириб беришини айтиб, алдов йўли билан 22 800 АҚШ доллари эвазига сотиб юборган. Бироқ берган ваъдасини бажармасдан пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан С.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Маълумот учун, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Фарғонада тадбиркорни салкам 59 миллион сўмга «ухлатган» фуқаро, Марғилонда қарзга олинган 4 та машинани сотиб, пулини эҳтиёжига сарфлаб юборган фирибгар ҳамда Бухорода машина олиб беришини айтиб, фуқарони 35 миллион сўмга чув туширган шахс ушлангани ҳақида хабар берилганди.

Бундан ташқари, Бувайдада Тошкентдан уй олиб беришни ваъда қилиб, фуқаронинг 7300 долларини ишлатиб юборган фирибгар ва Фарғонада бизнес ҳамкорини 25 минг долларга «ухлатган» фуқаро қўлга олингани маълум қилинганди.