Фарғонада бизнес ҳамкорини 25 минг долларга «ухлатган» фуқаро қўлга олинди

Фарғона вилояти Қува тумани буюм бозорида шерикликда тадбиркорлик билан шуғулланишни таклиф этиб, ҳамкорини 25 минг долларга «ухлатган» фирибгар қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигининг «Postda» нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 5 май куни К.Л. исмли аёл туман марказида жойлашган буюм бозорида савдо фаолияти билан шуғулланиб келаётган таниши Р.A.га биргаликда тадбиркорлик билан шуғулланиш таклифини билдиради. Р.A. унинг таклифига рози бўлади. Ҳамкорлар Тошкент шаҳридан металл маҳсулотларини олиб келиб, Қўқон шаҳрида сотишни ва фойдани ўзаро тенг тақсимлашни режа қилади.

Aммо К.Л.нинг нияти бошқача экани кейинроқ маълум бўлади. Танишидан 25 минг AҚШ доллари миқдоридаги пулни олганидан сўнг шеригини турли баҳоналар билан алдаб юради. Бора-бора камнамо бўлиб қолган К.Л. телефон қўнғироқларига ҳам жавоб бермай қўяди. Пулидан айрилиб, алданганини билган фуқаро ички ишлар органларига ёрдам сўраб мурожаат қилади.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилгани маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада ҳоким қарори бўйича суд ишини ҳал қилиб беришини айтиб тадбиркордан 500 доллар пул олган адлия ходими қўлга олинган эди.

Янгиликлар