Марғилонда қарзга олинган 4 та машинани сотиб, пулини эҳтиёжига сарфлаб юборган фирибгар ушланди

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида 2020 май ойида 4 та машинани қарзга олиб, уларни сотиб юборган фирибгар 24 август куни қўлга олинди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, фуқаро М.Н. таниши Х.М.нинг ишончига кириб, нархи 6700 AҚШ доллари бўлган 2 дона «Matiz» русумли, нархи 4600 доллар бўлган «Nexia» русумли ва нархи 9800 доллар бўлган «Lada» русумли автомашиналарни сотиб олишга келишиб, 6800 доллар миқдоридаги пулларни бериб, қолганини бир ой муддатда беришини айтиб, ваъдасини бажармасдан, алдов йўли билан қўлга киритган автомашиналарни бошқа шахсларга сотиб юбориб, пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Марғилон шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марғилонда ижарага олинган «Nexia-2»ни сотиб юборган шахсга жиноят иши қўзғатилгани ҳамда Фарғонада тадбиркорни салкам 59 миллион сўмга «ухлатган» фуқаро ушлангани ҳақда хабар қилинганди.

Янгиликлар