Марғилонда ижарага олинган «Nexia-2»ни сотиб юборган шахсга жиноят иши қўзғатилди

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида май ойида фуқаро М.Н. таниши Ж.A.нинг «Nexia-2» автомашинасини ижарага олиб, сотиб юборган. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг май ойида фуқаро М.Н. таниши Ж.A.нинг ишончига кириб, нархи 4000 AҚШ доллари бўлган « Nexia-2» автомашинасини ижарага олган. Фуқаро М.Н. автомашинанинг ўзига тегишли эканлигини айтиб, Э.Э.га 3600 AҚШ доллари эвазига сотиб юбориб, пулларни эҳтиёжига сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Марғилон шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а» банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Aввалроқ Фарғонада тадбиркорни салкам 59 миллион сўмга чув туширган фуқаро ушлангани ҳақда хабар берилганди. Шунингдек, Олтиариқда фирибгарлик жиноятини содир этиб, қидирувда бўлган шахс қўлга олингани хабар қилинган.

Янгиликлар