Бувайдада Тошкентдан уй олиб беришни ваъда қилиб, фуқаронинг 7300 долларини ишлатиб юборган фирибгар қўлга олинди

Фарғона вилояти Бувайда туманида хонадон сотиб олмоқчи бўлган фуқаронинг 7300 АҚШ доллари миқдоридаги пулини алдов йўли билан қўлга киритган шахс кўлга олинди, деб хабар берди Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати.

Бувайда туманида 2019 йилнинг декабрь ойи охирларида фуқаро О.С. У.Х.нинг ишончига кириб, танишлари орқали 7300 АҚШ доллари эвазига Тошкент вилоятида янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан бирини олиб беришини айтган. У.Х.га берган ваъдасини бажармасдан, алдов йўли билан қўлга киритган пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Ҳолат юзасидан Бувайда тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Марғилонда «Matiz» ва «Spark» сотиб олиб, пулини бермасдан, ўз номига расмийлаштириб олган шахс ушлангани, Қўқонда танишининг 1,5 миллион сўмлик телефонини фойдаланиш учун олиб, сотиб юборган шахсга жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар