Aндижонда ўқишга киритиб қўйишини айтиб, 4 минг доллардан ортиқ пул талаб қилган ўқитувчи қўлга тушди

Aндижон вилояти Aндижон шаҳрида ўқишга киритиб қўйиш билан алдаб, 4300 доллар талаб қилган Олтинкўл туманидаги ихтисослаштирилган мактаб интернати жисмоний тарбия фани ўқитувчиси жиноят устида қўлга тушди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Tez News»га хабар қилди.

Хабарга кўра, бу ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Aндижон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган.

Маълум қилинишича, тезкор тадбирда Олтинкўл тумани ихтисослаштирилган мактаб интернати жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Ғ.Д. фуқаро Г.М.ни Aндижон давлат университетининг Жисмоний тарбия ва спорт факультетига университет раҳбарияти орқали ўқишга киритиб қўйишга ишонтириб, эвазига ундан 4300 долларни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қўқон давлат педагогика институтига киритишни айтиб, фуқародан 3 минг доллар пора олган олийгоҳ ходимлари ушлангани, Жиззахда 8 минг доллар эвазига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган шифокорларга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар