Самарқанд шаҳрида 9 ой ичида қарийб 700 кишига жиноят иши қўзғатилди

Самарқанд шаҳрида 9 ой ичида қарийб 700 кишига жиноят иши қўзғатилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги шаҳар судининг ҳисоботига таяниб, маълумот берди.

Маълум қилинишича, Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2020 йилнинг 9 ойи давомидаги фаолият ҳисоботига кўра, кўрсатилган даврда 697 нафар шахсга нисбатан 556 та жиноят ишлари кўриб тамомланган. Ушбу кўрсаткич бўйича 2019 йилнинг 9 ойида 809 нафар шахсга нисбатан 634 та жиноят ишлари кўриб тамомланган.

Таъкидланишича, 2020 йилнинг ўтган даврида кўрилган 419 та жиноят иши бўйича 539 нафар шахсга нисбатан айблов ҳукми чиқарилган. 127 нафар шахсга нисбатан 118 та ишлар ҳаракатдан тугатилган. 2019 йил 9 ой давомида эса 666 нафар шахсга нисбатан 509 та ишлар бўйича айблов ҳукми чиқарилган. 104 нафар шахсга нисбатан 98 та ишлар ҳаракатдан тугатилган.

Шунингдек, кўрилган ишлар бўйича 3 нафар шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш белгиланган. Бундан ташқари, 2020 йилнинг ўтган 9 ойида жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди томонидан 124 та иш бўйича дастлабки тергов асоссиз қўйилган айбловлар ўзгартирилиб, айбловдан чиқарилган. 81 нафар шахс эса суд залидан қамоқдан озод қилинган.

Аввалроқ Пахтачида туман ИИБ бошлиғига 6 миллион сўм пора бераётган эркак жиноят устида ушлангани ҳамда ДХХ Самарқандда 1,3 кг опий ва салкам 1,5 кг марихуана сотмоқчи бўлган 2 эркакни қўлга олгани ҳақида хабар берилганди.