Пахтачида туман ИИБ бошлиғига 6 млн сўм пора бераётган эркак жиноят устида ушланди
Самарқанд вилояти Пахтачи туманида туман ИИБ бошлиғига пора бераётган эркак жиноят устида ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, 2020 йил 28 cентябрь санасида Пахтачи тумани ИИБ жиноят қидирув ходимлари томонидан «Тараққиёт» маҳалласида яшовчи 6 нафар фуқаро «Қора-қўтон» маъданли майдонига кириб, ноқонуний равишда таркибида олтин моддаси мавжуд тошларни қазиб олишга ҳаракат қилаётган вақтида ушланган.
Маълум қилинишича, улардан бир дона электродвижок, бир дона ер қазиш мосламаси, тош маҳсулотлари солиш учун мўлжалланган қоплар ва давлат рақам белгиси бўлмаган «УAЗ» русумли автомашина тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Хабарда айтилишича, йигитлардан бирининг отаси, фарзанди ва маҳалладошларига қонуний тартибда чора кўрилмаслик ва ҳужжатлаштириб олинган ашёвий далилларни қайтариб бериш эвазига туман ИИБ бошлиғига 6 миллион сўм миқдоридаги пулларни пора сифатида таклиф этган.
Ҳолат юзасидан ИИВ ўз хавфсизлик хизмати вилоят бўйича бўлими, Нарпай туман ИИБ, Пахтачи туман прокуратураси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, фуқаро Х.С. туман ИИБ бошлиғига 6 миллион сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтида далилий ашёлар билан ушланган.
Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Ромитанда фуқарони тиббиёт коллежига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 400 доллар «ишламоқчи» бўлган шахс қўлга тушгани, Қоракўлда профилактика инспекторига салкам 200 минг сўм пора бермоқчи бўлган шахс қўлга олингани хабар қилинган эди.