Оқдарёда ЙПХ инспекторига икки млн сўм пора бераётган шахс жиноят устида ушланди

Самарқанд вилояти Оқдарё туманида ЙПХ инспекторига икки миллион сўм пора бераётган шахс жиноят устида қўлга олинди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Самарқанд вилоят ИИБ ахборот хизмати

Хабарга кўра, 24 сентябрь куни Оқдарё туманидан ўтувчи йўлда хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори ҳаракатланиб келаётган «Captiva»ни тўхтатиб текширган вақтида, автомашина ҳайдовчиси М. машинани ишончномасиз бошқариб келаётганлигини аниқланган. Инспектор унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириб, транспорт воситасини вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирган.

Хабарда айтилишича, шу вақтда ҳайдовчи ЙПХ инспекторига автотранспорт воситасини жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига пора тариқасида икки миллион сўм миқдорида пул таклиф қилган. ЙПХ инспектори ҳайдовчига пора бериш жиноят эканлигини тушунтиришига қарамай, ҳайдовчи унга пора таклиф қилишда давом этган.

Маълум қилинишича, шу куни ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Самарқанд вилояти бўйича бўлими ҳамда Оқдарё тумани прокуратураси ходимлари иштирокида тезкор тадбир ўтказилган. Фуқаро М. автотураргоҳ қоровулхонасида ЙПХ инспекторига икки миллион сўм миқдордаги пулларни пора тариқасида берган вақтида далилий ашё билан ушланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Ромитанда фуқарони тиббиёт коллежига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 400 доллар «ишламоқчи» бўлган шахс қўлга тушгани, Қоракўлда профилакттика инспекторига салкам 200 сўм пора бермоқчи бўлган шахс қўлга олингани хабар қилинган эди.

Янгиликлар