Самарқандлик аёлни Дубайга ошпазликка чақириб, фоҳишаликка мажбурлаган аёл қўлга олинди

Дубай—Тошкент йўналишли авиарейсда 25 сентябрь, жума куни самарқандлик аёлни Дубайга ошпазликка чақириб, уни фоҳишаликка мажбурлаган сурҳондарёлик аёл қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманилик 1984 йилда туғилган А.Н. Бирлашган Араб Амирликлари (БАА)нинг Ал-Айн шаҳрида юрган вақтида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлган таниши, 1991 йилда туғилган Самарқанд вилояти Нарпай туманилик М.Г.га ўзи яшаётган Ал-Айн шаҳрида ошпаз ёрдамчиси бўлиб ишлашни таклиф қилган. Унга ўзи Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳридаги ҳалқаро аэропорт орқали Олма-Ота—Дубай йўналишига чипта харид қилиб, Г.М.ни Дубай шаҳрида кутиб олган. Йўл харажатларига 2000 АҚШ доллари миқдорида пуллар сарфлаганлигини билдириб, Г.М.нинг фуқаролик паспортини олиб қўйган. Г.М.ни ваъда қилинган ошпазлик иши ўрнига Ал-Айн шаҳридаги ижарага олинган уйида фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилган.

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси Транспортда ЖХТ бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 2017 йилнинг 18 май куни Н.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) 2-қисмига асосан жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, ҳудудийлик бўйича Сурхондарё вилояти ИИБга юборилган ва Шўрчи туман ИИБ томонидан аёл қидирувга берилган.

Ички ишлар вазирлиги  ТЭҚКББ Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бошқармаси ҳамда Интерполнинг Миллий марказий бюросининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари натижасида Н.А. 2020 йилнинг 25 сентябрь куни БААдан Дубай—Тошкент йўналишли авиарейси орқали олиб келинган ва тегишли ички ишлар идорасига топширилган.

Аввалроқ Наманганда уйида фоҳишахона сақлаган аёл қўлга олингани ва Тошкентда уч нафар ўсмир қиз спа салон очиб, номақбул ишлар билан шуғулланаётгани аниқлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар