Наманганда ўзига ўт қўйиб, вафот этган аёлнинг онасига салкам 132 млн сўм ундириб берилади

Наманган вилояти Наманган шаҳрида ўзига ўт қўйиб, вафот этган аёлнинг онасига салкам 132 миллион сўм ундириб берилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, ижро ҳаракатлари давомида уйдан мажбурий чиқиши лозим бўлган марҳуманинг онаси Муҳаббат Дедабоеванинг фойдасига салкам 132 миллион сўм ундириш тўғрисидаги ҳужжат ижроси таъминланмаган.

Шу муносабат билан, вилоят Мажбурий ижро бошқармасида брифинг бўлиб ўтган. Тадбир давомида ОАВ вакиллари ва блогерларга Бюронинг вилоят бошқармаси ҳамда шаҳар бўлими масъуллари изоҳ берган.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг 9 июндаги ижро ҳужжатига асосан Ф. Насриддиновадан ундирувчи М. Дедабоева фойдасига 13 000 долларга тенг бўлган қийматда 131 991 470 сўм миқдорида моддий зарар ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг шаҳар бўлими иш юритувига 2020 йил 27 июнда келиб тушган.

Давлат ижрочиси томонидан ижро ишини қўзғатиш тўғрисидаги қарори қабул қилиниб, томонларга юборилган. Бироқ белгиланган муддат ичида қарздорлик бартараф этилмагани учун, қарздорнинг мол-мулкларини аниқлаш мақсадида тегишли ташкилотларга сўровномалар юборилган. Олинган маълумотларга кўра, қарздорга тегишли ҳеч қандай мол-мулклар йўқлиги маълум бўлган.

Қарздор ҳозирда шаҳардаги 1-сонли педагогика коллежи ётоқхонасининг 1-хонасида истиқомат қилаётгани аниқланган. Давлат ижрочиси томонидан моддий зарарни ундирилиши бўйича оғзаки ва расман 18 ва 28 август кунлари огоҳлантирилган.

Давлат ижрочисининг қонунчиликда йўл қўйиладиган барча ҳаракатлари натижасиз бўлганлиги сабабли ижро ҳужжати ижросини таъминлаш имкони бўлмаётгани ҳамда ҳозирда ижро ҳаракатлари давом этаётгани айтиб ўтилган.

Брифинг давомида марҳума билан боғлиқ ижро ҳаракатлари юзасидан иштирокчиларнинг саволларига жавоб қайтарилган.

Янгиликлар