Наманган шаҳрида МИБ томонидан мажбуран уйидан чиқарилмоқчи бўлган аёл ўзига ўт қўйиб, ҳалок бўлди

Наманган вилояти Наманган шаҳрида 29 сентябрь, сешанба куни Мажбурий ижро бюроси томонидан мажбуран уйидан чиқарилмоқчи бўлган 35 ёшли аёл ўзига ўт қўйиб, ҳалок бўлди.

Кадр: Видео

Маълум қилинишича, марҳумнинг онаси уйни 13 минг долларга сотиб олган ва уйни сотган аёл ҳозир қамоқда. Уйнинг асл эгаси эса мулк қайтарилиши учун судга мурожаат қилган.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятида истиқомат қиладиган фуқаро Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан уйидан мажбурий чиқаришга бўлган ҳаракатлар вақтида ўзига ўт қўйгани акс этган видеолавҳа тарқалган.

Видеода аёл ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва бошқа фуқаролар олдида ўзининг уйидан мажбурий тарзда чиқариш талабига қаршилик кўрсатгани акс этган.

Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг 2019 йил 8 октябрда ундирувчи Ж.А. фойдасига жавобгар М.Д. ва унинг оила аъзоларининг шаҳардаги уйлардан биридан мажбурий тартибда кўчириш белгиланганлиги тўғрисида қарор қабул қилинган. Мазкур ижро ҳужжати юзасидан МИБнинг шаҳар бўлими томонидан иш юритувни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинган ҳамда қарор нусхаси икки томонга юборилган.

Кейинчалик жавобгар М.Д. ва оила аъзоларига уйдан чиқиб кетишлари зарурлиги тушунтирилган ва ижро ҳужжати талаби бажарилмаса, фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198-1-моддасига кўра, жарима жазоси қўлланилиши айтилган. Мажбурий тартибда кўчирилиши тўғрисида 2019 йил 6 декабрь куни огоҳлантириш хати берилган.

Шундан сўнг қарздор М.Д. ва оила аъзолари давлат ижрочисининг огоҳлантиришларига қарамай, хонадонни бўшатишдан бош тортгани учун ижро ҳужжатида кўрсатиб ўтилган манзилдан 2019 йил 12 декабрь куни кўчириш ҳаракатларини мажбурий ижро этиш тайинланган ва бу ҳақда қарздор ва тегишли ташкилотларга маълум қилинган.

Жавобгар кассация тартибида шикоят келтиргани сабабли юқоридаги қарор ижросини вақтинча тўхтатиш ҳақидаги суднинг ажрими қабул қилинган ва ижро ҳаракатлари тўхтатилган. Бироқ суд ажрими билан кассация шикоятини қабул қилиш рад қилинган ва ижро ҳаракатлари давом эттирилган.

Сўнгра 11 март куни мазкур хонадонга тегишли ташкилот ходимлари ва холислар иштирокида мажбурий ижро ҳаракатларини ўтказиш учун борилган. Аммо қарздор М.Д. уйда йўқлиги сабабли ижро ҳаракатлари кейинга қолдирилган. Кейинчалик Вазирлар Маҳкамасининг 23 мартдаги «Короновирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра ҳужжат ижросини таъминлаш 15 августга қадар тўхтатилган.

Ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида 17 сентябрда ижро ҳужжати бўйича томонлар бюронинг шаҳар бўлимига чақиртирилган ва уларга ижро ҳужжати талаби қайтадан тушунтирилган. Шунингдек, ҳужжат талаби бажарилмаган тақдирда ҳуқуқий оқибатлар ҳам тушунтириб ўтилган ҳамда хонадондан ихтиёрий равишда кўчиш таклифи берилган. Бироқ жавобгар М.Д. ва оила аъзолари кўрсатиб ўтилган хонадондан ихтиёрий равишда кўчиб чиқиб кетмаган ва 29 сентябрь куни кўчириш ҳаракатларини мажбурий ижро этиш тайинланилган. Бу ҳақда қарздорнинг ўзи ва тегишли ташкилотларга маълум қилинган. Шу куни юқоридаги манзилга борилган.

Аммо манзилга борилганда қарздор М.Д. ва унинг қизи Д.Г. томонидан ижро ҳаракатларини амалга оширишга қаршилик кўрсатилган ҳамда ҳужжат талабини бажаришга тўсқинлик қилиш мақсадида 1985 йилда туғилган Д.Г. ўзига бензин ёнилғисини сепиб, ёқиб юборган.

Марҳум фуқаро танасининг 80 фоизидан ортиқ қисми куйиш оқибатида 30 сентябрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида вафот этган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда хотинини чопиб ташлаб, уйини ёқиб юборган эркак ҳамда 34 ёшли аёл ва унинг 30 ёшли эркак таниши ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Наманганда икки севишган ота-онасини қўрқитиб қўйиш мақсадида бир-бирини пичоқлагани оқибатида қиз вафот этгани ва Қашқадарёда мактаб директори жонига қасд қилишидан олдин хат қолдиргани маълум қилинганди.

Янгиликлар