Обид Ҳакимов: «Ўзбекистонда кунига 5600 сўм топган одам камбағал эмас»

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов 2020 йилда бажарилган ҳисоб-китобга кўра, киши бошига 3,2 доллар, яъни 5600 сўм тўғри келиб, Ўзбекистонда шунча маблағ ишлаб топган одам камбағал эмаслигини айтди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар қилди.

Фото: «Review.uz»

Хабарда айтилишича, Обид Ҳакимов Ўзбекистонда камбағаллик ҳақидаги гаплар 2020 йилнинг бошидан бошлангани, Шавкат Мирзиёевнинг парламентга мурожаатида бу масала кўтарилгани ҳақида таъкидлаган. Президент мамлакатдаги камбағаллик кўрсаткичи 10—15 фоиз оралиғида эканини айтган эди. Обид Ҳакимовнинг сўзларига кўра, ўрта паст даромадли мамлакатлар учун кунлик минимал харажат 3,2 долларни ташкил этади.

«Бунда 3,2 доллар айнан эмас, шу қийматда турли давлатларда тўлов қобилияти маҳаллий валютадаги рақамга ўзгартирилади. Яъни харид қилиш қобилияти паритетининг конвертация коэффициенти (PPP conversion factor) ҳар йили Жаҳон банки томонидан эълон қилинади. Масалан, 2018 йил Ўзбекистон учун 1 AҚШ долларининг PPP қиймати 1784 сўм этиб белгиланганди. 2020 йилда бажарилган ҳисоб-китобга кўра, киши бошига 3,2 AҚШ доллари, яъни 5,600 сўм тўғри келиб, Ўзбекистонда шунча маблағ ишлаб топган одам камбағал эмас. Шу ўлчам асосида, Ўзбекистонда камбағаллик кўрсаткичи 9—10 фоиз атрофида этиб белгиланган», — дейди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов.

Аввалроқ Ўзбекистонда пандемия оқибатларини бартараф этишга қанча маблағ йўналтирилгани маълум бўлгани ҳамда Самарқанд аҳолисининг қанча қисми хорижда ишлаётгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар