Шавкат Мирзиёев коронавирус вакцинасини Ўзбекистонга олиб келган Россия саноат ва савдо вазирини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев 4 декабрь куни Тошкент металлургия заводининг очилишига бағишланган тантанали тадбирлар доирасида Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хабарга кўра, Шавкат Мирзиёев пойтахт ҳудудида амалга оширилган металлургия маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича йирик ва замонавий корхонани ташкил этиш лойиҳаси Ўзбекистон ва Россия компания ва банклари ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг намунаси эканини қайд этган.

Таъкидланишича, Денис Мантуров қабул учун Президентга миннатдорлик билдирган ҳамда Россия Президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, учрашувда устувор қўшма дастур ва лойиҳаларнинг бориши кўриб чиқилди, амалий ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги режалар муҳокама қилинган. Машинасозлик, агросаноат, фармацевтика, енгил ва озиқ-овқат саноати, кўплаб бошқа тармоқларда юқори технологик ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишда икки мамлакатнинг етакчи корхоналари ўртасидаги кооперасия лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Хабарда айтилишича, саноат кооперацияси лойиҳаларини, шу жумладан ташкил этилган қўшма Лойиҳа офиси фаолияти доирасида ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга ҳамроҳлик қилиш, шунингдек, иқтисодиётнинг муҳим тармоқларига инвестисияларни кўпайтириш учун қулай шароитлар яратиш муҳимлиги қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров 4 декабрь куни Тошкентга коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинаси намуналарини шахсан етказиб бергани маълум қилинганди. Вакциналарни Ўзбекистон Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Холмамат Норбоев қабул қилган.

Таъкидланишича, намуналар Ўзбекистон ҳудудида вакцинани рўйхатдан ўтказиш ва саноат ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун зарур бўлган синовлар учун Ўзбекистонга етказилган.