Россия саноат ва савдо вазири «Спутник V» вакцинасини Ўзбекистонга олиб келди
Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Денис Мантуров 4 декабрь куни Тошкентга коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинаси намуналарини шахсан етказиб берди. Бу ҳақда Россия саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Вакциналарни Ўзбекистон Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Холмамат Норбоев қабул қилган.
Таъкидланишича, намуналар Ўзбекистон ҳудудида вакцинани рўйхатдан ўтказиш ва саноат ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун зарур бўлган синовлар учун Ўзбекистонга етказилган.
Aввалроқ Ўзбекистонда «Sputnik V» вакцинаси синовлари қачон бошланиши маълум қилинганди. Қайд этилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги COVID-19’га қарши вакцинанинг клиник синовларини 2020 йил охири–2021 йил бошида ўтказишни режалаштирмоқда.
Шунингдек, Россия Ўзбекистонга 35 миллион доза коронавирусга қарши вакцина етказиб бериши маълум қилинган. Унга кўра, Ўзбекистон тегишли органлари тасдиғи олинганидан сўнг 2020 йилда республикага 10 миллион доза, 2021 йилда эса 25 миллион доза вакцина юборилиши мумкин.