Ўзбекистонда «Sputnik V» вакцинаси синовлари қачон бошланиши маълум қилинди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги COVID-19’га қарши вакцинанинг клиник синовларини 2020 йил охири–2021 йил бошида ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда вазир Aбдуҳаким Ҳожибоевнинг сўзларига таяниб, «Koronavirus Info» Telegram канали хабар берди.
Таъкидланишича, Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди билан музокаралар давомида 500 доза «Sputnik V» вакцинаси буюртма қилгани маълум қилинди.
Ҳожибоевнинг айтишича, хитойлик ҳамкорларнинг 6 минг доза вакцинаси клиник синовлар учун Ўзбекистонга етиб келган.
Аввалроқ ЖССТ Россиянинг «Sputnik V» вакцинасини рўйхатга олишда шарти борлигини маълум қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Шунингдек, Россия Ўзбекистонга 35 миллион доза коронавирусга қарши вакцина етказиб бериши маълум қилинган. Унга кўра, Ўзбекистон тегишли органлари тасдиғи олинганидан сўнг 2020 йилда республикага 10 миллион доза, 2021 йилда эса 25 миллион доза вакцина юборилиши мумкин.