Россия Ўзбекистонга 35 млн доза коронавирусга қарши вакцина етказиб беради

Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси (РТИЖ) ва «Laxisam фармацевтика компанияси Ўзбекистонга 35 миллион доза коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинасини юборишга келишувга эришди. Бу ҳақда жамғарма маълумотларига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

«Ўзбекистон тегишли органлари тасдиғи олинганидан сўнг, 2020 йилда республикага 10 миллион доза вакцина, 2021 йилда эса 25 миллион доза вакцина юборилиши мумкин», — дейилади хабарда.

Маълумотларга кўра, Гамалея институтида ишлаб чиқарилган «Спутник V» вакцинаси 11 август куни Россия ССВси томонидан рўйхатга олинган. Ҳозирда рўйхатга олишдан кейин 40 минг киши иштирокидаги вакцина синовлари давом этмоқда. Биринчи натижалар 2020 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида эълон қилиниши кутилмоқда.

«‘Спутник V’ ўн йиллаб вақт мобайнида тадқиқот қилинган ва 250 дан ортиқ клиник синовлар ўтказилиб, хавфсизлиги ва самарадорлиги исботланган инсоннинг аденовирусли векторлари асосида яратилган. Вакцинанинг етказиб берилиши Ўзбекистон тиббиёт мутахассисларининг коронавирус инфекциясига қарши курашда узоқ муддатли иммунитет ҳосил қиладиган ва фуқароларни хавфдан ҳоли қилувчи илғор воситаларга эга бўлишига ёрдам беради. Бундан ташқари, коронавирусга қарши вакциналарнинг манбаси диверсификация қилинади», — дея таъкидлади РТИЖ раҳбари Кирилл Дмитриев.

Аввалроқ Ўзбекистон Россия вакцинасини ҳамкорликда синовдан ўтказишга қизиқиш билдиргани, Россиянинг коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинаси муомалага чиқарилгани, Ўзбекистон коронавирусга қарши эмлаш дастурига қўшилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар