Ўзбекистон коронавирусга қарши эмлаш дастурига қўшилди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва унинг Европа минтақавий бюросининг фаол аъзоси сифатида Ўзбекистон ташкилотнинг коронавирусга қарши эмлаш дастурига қўшилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.
Хабарга кўра, Женевада бўлиб ўтган брифингда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесуснинг маълум қилишича, коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқиш ва тарқатиш бўйича “CОVAX” халқаро механизмига 172 давлат қўшилди. Aйни пайтда ЖССТ портфелида коронавирусга қарши 9 та вакцина мавжуд экани айтилмоқда.
Шунингдек, ЖССТ ва унинг Европа минтақавий бюросининг фаол аъзоси сифатида Ўзбекистон ҳам ташкилотнинг коронавирусга қарши эмлаш дастурига қўшилди. Маълум қилинишича, ташкилот барча вакцина ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилади. Ушбу механизм барча аъзо мамлакатларнинг лицензияланган ва тасдиқланган вакциналардан тенг фойдаланишни таъминлашга қаратилган.
Қайд этилишича, ҳозирда ЖССТ Европа минтақавий бюросининг вакиллари Олег Стороженко ва Таня Шмид Ўзбекистонда бўлиб, коронавирусга чалинган беморларни даволаш жараёнларида бевосита иштирок этмоқда.
Эслатиб ўтамиз Ўзбекистонда коронавирус касаллари сони камайганига қарамай, нега ҳали ҳам чет элдан шифокорлар таклиф этилаётгани сабаби айтилгани ҳамда ЖССТ Ўзбекистонга қиймати 300 минг долларга тенг инсонпарварлик юкининг навбатдаги партиясини етказиб бергани ҳақида хабар қилинганди.