ЖССТ Ўзбекистонга қиймати 300 минг долларга тенг инсонпарварлик юкининг навбатдаги партиясини етказиб берди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюроси Бирдамлик ва COVID-19’га жавоб бериш глобал жамғармаси орқали ЖССТ Бош қароргоҳи томонидан харид қилинган, умумий қиймати 300 минг АҚШ долларига тенг инсонпарварлик юкининг навбатдаги партиясини Ўзбекистонга етказиб берди.

Маълумотларга кўра, бу сафар Истанбул рейси орқали 500 та кислород концентратори етказиб берилди. Ҳафтанинг охирида лаборатория ишлари учун зарур бўлган сарфланадиган материаллардан иборат яна бир юк келиши кутилмоқда.

«Пандемиянинг бошидан ЖССТ ваколатхонаси БМТ ҳамкор агентликлари билан биргаликда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан яқиндан ишлаб келмоқда. Керакли асбоб-ускуна ва ҳимоя воситаларини етказиб бериш — бу мамлакатга кўрсатилаётган кўмакнинг бир қисмидир. Булардан ташқари, ЖССТ шифокорлар, ҳамширалар, бошқа тиббий ходимлар малакасини оширишга, лаборатория ходимларини ўқитишга, халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда даволаш протоколларини тузишда кўмаклашишга, коронавирус инфекцияси тўғрисидаги доимий равишда янгиланиб бораётган халқаро ахборотни эркин олиш имкониятини таъминлашга катта эътибор қаратмоқда», — деб тушунтирди ЖССТнинг Ўзбекистондаги вакили, доктор Лиан Куппенс.

Маълумот учун, июл ойида мамлакатга умумий қиймати 4 миллион АҚШ долларидан юқори бўлган юклар етказиб берилди. Ўз ичига юз учун 619 400 та ҳимоя қалқончаси ва 2 176 000 дона жарроҳлик ниқобини олган биринчи партия 8 июлда етиб келди. 17 июлда тиббий ходимлари учун қуйидаги шахсий ҳимоя воситалари қабул қилинди: 95 200 дона ҳимоя кўзойнаги, 178 000 дона ҳимоя комбинезони, 12 000 дона жарроҳлик ниқоби ва 1 064 000 дона KN95 респиратор ниқоби. 24 июлда пойтахтга 38 400 дона тест-тизими ва бошқа лаборатория асбоб-ускуналари етказиб берилди.

Aввалроқ Жаҳон банки Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашиш учун 95 миллион доллар ажратиши маълум қилинган эди. Кейинчалик Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими учун 100 миллион доллар миқдорида кредит ажратиши хабар қилинди.

Янгиликлар