Шавкат Мирзиёев бир ҳафта ичида коронавирус вакцинасини харид қилиш йўлларини ўрганиб чиқиш ҳақида топшириқ берди

Президент Шавкат Мирзиёев 4 август, сешанба навбатдаги видеоселектор йиғилиши ўтказмоқда. Тадбирда Ўзбекистон бўйлаб коронавирус пандемиясини жиловлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, йиғилишда Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаевга бир ҳафта муддатда етакчи олимлар ва тажрибали шифокорлар билан маслаҳатлашган ҳолда вакцинани харид қилиш ва мамлакат аҳолиси вакцинациясини амалга ошириш йўлларини пухта ўрганиб чиқиш топшириғи берилди.

«Маълумки, бугун қатор мамлакатлар соғлиқни сақлаш ва фармацевтика тизимларида коронавирус давосини топиш йўлида тинимсиз изланишлар олиб борилмоқда. Мисол учун, Хитой, Ҳиндистон, Буюк Британия, Россия фармацевтика компаниялари яқин вақт ичида вакцина ишлаб чиқаришни бошлаши ҳақида хабар қилиняпти», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ AҚШ 30 минг кўнгилли иштирокида коронавирус вакцинаси синовини ўтказишни бошлаган ва вакцинанинг тахминий нархини эълон қилган эди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ҳокимликларга интенсив ва реанимация ўринларини кўпайтириш вазифасини қўйган эди.

Янгиликлар