Россиянинг коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинаси муомалага чиқарилди
Россиянинг коронавирусга қарши ишлаб чиқилган «Спутник V» вакцинасининг биринчи партияси муомалага чиқарилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, яқин орада вакцина ҳудудларга етказилиши кутилмоқда. Хабарда айтилишича, вакцина барча лаборатория синовларидан ўтган.
Россияда август ойида коронавирус профилактикаси учун мамлакатнинг тўғридан-тўғри инвестициялар фонди билан ҳамкорликда Гамалея номидаги тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган дунёдаги илк вакцина рўйхатдан ўтказилган эди.
Синовлар давомида вакцина барча қатнашчиларда гуморал ва ҳужайрали иммунитетни шакллантирган ва бирорта ножўя таъсири кузатилмаган. Шу билан бирга эмланган кўнгиллиларда вирусни нейтраллаштирувчи антитаналар даражаси касалликдан тузалганларнинг антитанасидан 1,4—1,5 баробар юқори чиққан.
Аввалроқ Россияда коронавирусга қарши эмлаш 5 сентябрдан бошланиши, россияликлар бир йил ичида коронавирусга қарши вакцина билан тўлиқ таъминланиши мумкинлиги хабар қилинган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон коронавирусга қарши эмлаш дастурига қўшилган.