Россияда коронавирусга қарши эмлаш 5 сентябрдан бошланади

Москвада 5 сентябрдан бошлаб COVID-19 коронавирус инфекциясига қарши вакцина билан оммавий равишда эмлаш ишлари ўтказилади. Вакцина препарати пойтахт поликлиника ва шифохоналарига иш ҳафтаси охиригача етказиб берилади. Бу ҳақда Гамалея институти директори Александр Гинцбург маълум қилди, деб ёзади «Интерфакс».

«Барчаси режа бўйича кетмоқда. Биз 3—4 сентябрь кунлари вакцинани етказиб берамиз. Машиналар, манзиллар ва вакциналар тайёрлаб қўйилган. Лекин 3–5 сентябрь кунлари кўнгиллилар скрининг қилинади ва улар зарур таҳлилларни топшириши керак бўлади. Шу сабабли вакцина етказиб берилган бўлса ҳам, вакцинация қилиш ишлари 5 сентябрдан бошланиши мумкин», — дейди Гинцбург 1 сентябрь куни.

Россия расмийлари вакцинанинг расмий рўйхатга олишдан кейинги тадқиқотлар сентябрь ойи бошларида ўтказилишини, вакцина 3 сентябрдан етказиб берила бошлашини эълон қилганди.

26 августда Москва шаҳри мэри Сергей Собянин шаҳар аҳолисига мурожаат қилиб, Гамалея институтида ишлаб чиқилган «Sputnik V» вакцинасини рўйхатга олингандан кейинги синовларида иштирок этишни таклиф қилганди. Хоҳловчиларга мэрнинг ва Москва маъмуриятининг порталларида сўров қолдириш кераклиги айтилган. Синовларда аввал COVID-19’га чалинмаган ёши 18 дан ошган 40 мингга яқин иштирокчи қамраб олиниши кўзланган. Вакцина юборилишидан аввал ҳар бир кўнгилли скринингдан ўтади, яъни таҳлилларни топшириб, мутахассислардан консультация олади.

Тадқиқотлар поликлиникаларда ва шаҳар касалхоналари бўлимларида ташкил қилинган махсус марказлар базасида ўтказилади. Москва тадқиқотларни молиялаштиришни ўз бўйнига олади.

Иштирокчилар эмлангандан кейин ярим йил давомида тиббиёт ходимларининг телетиббиёт технологиялари ёрдамида амалга ошириладиган назоратлари остида бўлади ва ўз-ўзини кузатиш бўйича мобил илова шаклидаги дастурга ҳам ўзгаришлар ҳақида қайдлар ёзиб боради. Баъзи иштирокчиларга электрон билагузуклар берилиб, улар орқали қон босими ҳамда тана ҳарорати ўлчаб турилади.

Аввалроқ россияликлар бир йил ичида коронавирусга қарши вакцина билан тўлиқ таъминланиши мумкинлиги маълум қилинган эди. Шунингдек, Россия президенти мамлакатда коронавирусга қарши биринчи вакцина рўйхатдан ўтказилганини эълон қилган эди. Сўнг ушбу вакцинанинг экпорт нархи маълум қилинган эди.

Ўзбекистонда эса аҳолини грипп ва пневмонияга қарши эмлаш бошланиши, барча умумий ўрта таълим муассасалари ходимлари 1 октябрга қадар гриппга қарши эмланиши, Ўзбекистон коронавирусга қарши эмлаш дастурига қўшилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар