Ўзбекистонда аҳолини сентябрь ойидан грипп ва пневмонияга қарши эмлаш бошланади

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, эпидемиолог Рустам Икромовнинг маълум қилишича, сентябрь ойидан аҳолини грипп ва пневмонияга қарши эмлаш бошланади. Бу ҳақда «Шифобахш» Telegram канали хабар берди.

Мутахассиснинг маълум қилишича, ҳар йили куз ва қиш фаслида ҳаво томчи орқали юқадиган касалликларни кўтарилиши кузатилади.

«Бу шифокорлар тилида микст-инфекция дейилади, яъни қўшилиб касаллик чақириши мумкин бўлган ҳолат кузатилиши мумкин. Грипп ва пневмония чақирувчи вирусли касалликларни коронавирус билан биргаликда келиши вируснинг кучайишини ва бундан ҳам оғирроқ даражага олиб келишини тахмин қилиш мумкин», – дейди мутахассис.

Унинг таъкидлашича, айни кунларда грипп ва пневмонияга қарши эмлаш учун ҳукумат даражасида керакли чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Вакциналарни четдан олиб келиш ва жойларда эмлаш пунктларини ташкил қилиш ишлари юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Аввалроқ Самарқанд ҳокими Ургутда коронавирус ва пневмонияга чалинган беморлар учун 500 ўринли шифохона ташкил қилинишини маълум қилган эди.

Янгиликлар