Ўзбекистонда барча умумий ўрта таълим муассасалари ходимлари 1 октябрга қадар гриппга қарши эмланади

Ўзбекистонда барча умумий ўрта таълим муассасалари ходимлари 1 октябрга қадар гриппга қарши эмланади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев имзолаган «Aҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорда белгилангани маълум бўлди.

Қарорда Шавкат Мирзиёев Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлигининг республикадаги барча умумий ўрта таълим муассасаларининг раҳбар, педагогик ва бошқа ходимларини марказлашган тартибда 1 октябрга қадар гриппга қарши эмлаш тўғрисидаги таклифни маъқуллаган.

Шунингдек, қарорда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар бир таълим муассасасига борган ҳолда ходимларни эмлаш ўтказишни ва тегишли соғлиқни сақлаш муассасаларини вакцина ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш чораларини кўриши кераклиги қайд этилган.

Мазкур қарорда белгиланган эмлаш учун зарур маблағларни Вазирлар Маҳкамаси Президентнинг 30 июлдаги фармонида назарда тутилган ҳамда бошқа қўшимча манбалар ҳисобидан амалга ошириши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда аҳолини сентябрь ойидан грипп ва пневмонияга қарши эмлаш бошланиши маълум қилинган эди.

Янгиликлар