Россияликлар бир йил ичида коронавирусга қарши вакцина билан тўлиқ таъминланиши мумкинлиги маълум қилинди
Гамалея номидаги Эпидемиология ва микробиология тадқиқот маркази раҳбари Александр Гинцбург коронавирусга қарши вакцинанинг россияликлар учун етарли миқдори 9—12 ой ичида ишлаб чиқарилишига умид қилмоқда. Бу ҳақда «ТАСС» нашри хабар берди.
«Мамлакат эҳтиёжларини озми-кўпми қоплай олишга қачон улгуришимизни билиш муҳим, бу 9—12 ой ичида бўлишига умид қиляпман», — дедиган Гинцбург.
Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко аввалроқ Владимир Путин бошчилигидаги ҳукумат аъзолари йиғилишида вакцина биринчи навбатда ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларига таклиф этилишини маълум қилган. Гамалея номидаги марказ директори вакцина дозаси миқдори биринчи навбатда қабул қилувчиларга етишини таъкидлаган.
Гинцбург, шунингдек, дастлаб 10—15 та ҳудуд вакцина билан таъминланишини билдирган, лекин айнан қайси ҳудудлар эканига аниқлик киритмаган. Унинг сўзларига кўра, рус вакцинасини ишлаб чиқариш технологияси моноклональ антитаналарни ишлаб чиқаришга ўхшайди.
«Моноклональ антитана чиқараётган учта корхона бизнинг ёрдамимиз билан технологиямизга мослашди», — дейди Гинцбург.
Шунингдек, Гинцбург яқин бир ярим ой ичида улар ойига, тахминан, миллионта доза вакцина ишлаб чиқаришини қўшиб қўйди.
«Йил охирига бориб эса у 1,5—2 миллионтага етиши мумкин. Бу мамлакат миқёсида жуда яхши кўрсаткич», — дейди у.
Аввалроқ Россия президенти мамлакатда коронавирусга қарши биринчи вакцина рўйхатдан ўтказилганини эълон қилган эди. Сўнг ушбу вакцинанинг экпорт нархи маълум қилинган эди.