Путин Россияда коронавирусга қарши биринчи вакцина рўйхатдан ўтказилганини маълум қилди (видео)
Президент Владимир Путин Россияда коронавирусга қарши биринчи вакцина рўйхатдан ўтказилганини маълум қилди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.
«Менга маълум бўлишича, бугун эрталаб дунёда илк бор янги коронавирус инфекциясига қарши вакцина рўйхатдан ўтказилди», — деди Владимир Путин 11 август куни ҳукумат аъзолари билан ўтказилган йиғилишда.
Мамлакат раҳбарининг таъкидлашича, вакцина самарали ишлайди, COVID-19’га қарши барқарор иммунитетни шакллантиради ва жиддий ножўя таъсирларни келтириб чиқармайди. Шунингдек, унинг қизларидан бири ушбу вакцина билан эмланганини айтган, бироқ айнан қайси қизи эканлигига тўхталиб ўтмаган.
Ўз навбатида, мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко вакцина ишлаб чиқарувчилар аллақачон патент олиб бўлганини маълум қилди.
«Клиник тадқиқотлар натижасига кўра, вакцина юқори саммарадорлигини ва хавфсиз эканини кўрсатди. Барча кўнгиллиларда коронавирусга қарши антитаначалар ҳосил бўлди ҳамда уларнинг ҳеч бирида иммунлаштириш оғир кечмади», — дейди вазир.
Эслатиб ўтамиз, 21 июль куни Россиянинг COVID-19’га қарши илк вакцинаси тайёр бўлган эди.
Аввалроқ Россияда коронавирусга қарши дори рўйхатга олингани хабар қилинган эди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев бир ҳафта ичида коронавирус вакцинасини харид қилиш йўлларини ўрганиб чиқиш ҳақда топшириқ берган эди.