АҚШ Оролбўйи аҳолиси учун гуманитар ёрдам юборди

Монта Фрэйзер «Project C.U.R.E.»  лойиҳасига  100 минг доллар миқдоридаги чек топширди. Ушбу маблағ Оролбўйи аҳолиси учун навбатдаги гуманитар ёрдамни етказишни молиялаштириш учун ишлатилади. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар қилди.

Фото: «Дунё» АА

Маълум қилинишича, Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги сўровига биноан «Project C.U.R.E.» томонидан Сиэтлда шакллантирилган гуманитар юкнинг биринчи жўнатмаси 6 тоннага тенг. Ушбу юкни Канзас-ситидан Сиэтлга (3 минг километр) Пенсильвания штатидаги ўзбеклар диаспораси фаолларидан бири, логистика компанияси асосчиси Аҳмаджон Одилов беғараз амалга оширди.

Бундан ташқари, АҚШдаги ўзбеклар томонидан асос солинган «Give to Get International» хайрия ташкилоти кўмагида мустақил экспертларнинг Қорақалпоғистондаги тиббиёт муассасаларининг эҳтиёжларини баҳолаш бўйича харажатлари тўланди.

Қайд этилишича, мазкур тадбир Қорақалпоғистонга гуманитар ёрдам ташкил қилиш доирасида «Project C.U.R.E.» ва «Boeing» билан ҳамкорликда уштирилиб, юк таркибининг қиймати 3 миллион долларлик тиббиёт буюмлари ва жиҳозлари, сунъий шамоллатиш мосламаларини ўз ичига олган 40 футлик ўнта контейнер ташкил қилди.

«Биз  Қорақалпоғистонга гуманитар юкнинг биринчи партиясини «Dreamliner» самолётида  юбориш тадбирида иштирок этаётганимиздан жуда хурсандмиз, — деди Монта Фрэйзер. – Айниқса, коронавирус пандемияси билан боғлиқ бугунги синовли вақтда ушбу хайрия тадбирига улуш қўшаётганимиздан мамнунмиз». «Boеing» вакили ушбу тадбир америкалик самолёт ишлаб чиқарувчи, нотижорат ташкилот ва элчихона ўртасидаги муваффақиятли давлат-хусусий ҳамкорлигига яққол мисол бўлишини таъкидлади.

Шунингдек, 5 май куни эса беғараз кўмак Тошкентдан Нукус шаҳрига етказилади. Тиббий жиҳозлар билан таъминланган навбатдаги тўртта контейнердаги инсонпарварлик юки ёз фасли охирига қадар Оролбўйи минтақасига юборилади.

Янгиликлар