Бишкекдаги тунги тартибсизликлар вақтида 29 киши жароҳатланди

Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги тунги тартибсизликлардан сўнг 29 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Бу ҳақда бугун, 18 май куни Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

«18 майга ўтар кечаси тез тиббий ёрдам бригадаларига 29 киши мурожаат қилган, 15 нафари шаҳар шошилинч тиббий ёрдам шифохонаси ва Миллий госпиталга етказилган, қолганларига эса воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган», дейилади матбуот хизмати хабарида.

Манбага кўра, 18 май куни эрталаб шифохонада бош мия ёпиқ жароҳати ва мияси чайқалган икки бемор бор эди. Беморларнинг аҳволи нисбатан қониқарли деб баҳоланмоқда.

Республика Соғлиқни сақлаш вазири Алимқодир Бейшеналиев жароҳатланган Покистон фуқароси жойлаштирилган миллий шифохонанинг юз-жағ жарроҳлиги бўлимига борди. Унга жағ синиши ташхиси қўйилган. Бемор операцияга тайёрланмоқда.

Янгиликлар