Сирдарёда Сенат кенгашининг биринчи сайёр мажлиси бўлиб ўтди

Сирдарё вилоятида 2020 йил 5 сентябрь куни Олий Мажлиси Сенати кенгашининг сайёр мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенат аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси мутасаддилари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, Сирдарё вилояти ҳокимлиги масъуллари, секторлар раҳбарлари, Ёшлар парламенти аъзолари, ҳудуд фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди, деб хабар берди Сенат матбуот хизмати.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Таъкидланишича, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева олиб борган мажлисда Сардоба сув омбори тўғонида юз берган техноген ҳолат оқибатларини бартараф этиш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари муҳокама қилинган.

Хабарда айтилишича, парламент юқори палатасига Сардоба сув омборидан сув тошиши оқибатида талафот кўрган фуқаролардан кўплаб мурожаатлар йўлланган. Улар сенаторлар томонидан жойига чиқиб кўрилган ва уларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланган.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Сенат Ишчи гуруҳи томонидан 2020 йил 14—18 август кунлари Сирдарё вилоятининг талафот кўрган Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларида амалга оширилган ишлар ўрганилган. Бу жараёнга ҳудуддаги сенаторлар ҳам жалб этилиб, муаммоларни аниқлаш мақсадида халқ депутатлари Мирзаобод, Оқолтин, Сардоба туманлари кенгашлари депутатлари иштирокида аҳоли билан бевосита мулоқот олиб борилган.

Ишчи гуруҳ саъй-ҳаракати билан ижтимоий соҳа объектларида бажарилган қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 9,5 миллиард сўм маблағ тўловлари тўланмаётганлиги аниқланиб, ушбу маблағлар қурувчи ташкилотларга тўлиқ ундириб берилган. Шунингдек, Мирзабод туманининг «Ҳақиқат» МФЙда жойлашган «Нуронийлар маскани» негизида «Ёшлар меҳнат гузари»ни ташкил этиш мақсадида 1,7 миллиард сўм маблағ ажратилиб берилган.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Маълумотларга кўра, талафот кўрган 3 та туманда жамоатчилик ишларига жалб этилган жами 1870 нафар фуқарога тўланиши лозим бўлган 1 миллиард 580 миллион сўм маблағ Ишчи гуруҳ ёрдами билан ҳал этилган.

«Шу ўринда Ишчи гуруҳи томонидан олиб борилган ўрганиш давомида муаммо ва камчиликлар аниқлангани инобатга олиниб, биринчи маротаба Сенат кенгашининг сайёр мажлисини ўтказиш мақсадга мувофиқ деб топилди», — дейилади хабарда.

Маълумот учун, Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси 11 сентябрь куни чақирилади.

Янгиликлар