Ўзбекистонда бозорлар хусусийлаштирилиши ҳақидаги хабарга изоҳ берилди
Давлат активларини бошқариш агентлиги 4 декабрь куни ижтимоий тармоқда «Бозорлар хусусийлаштирилади» сарлавҳаси остида тарқалган хабарга муносабат билдирди.
Агентлик ахборот хизмати хабар беришича, 2020 йил 27 октябрда Президентнинг «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинган. Мазкур ҳужжатда Ўзбекистондаги 500 дан ортиқ бозор ва савдо комплекси алоҳида ёндошув асосида ислоҳ қилиниши ҳақида топшириқ берилган.
Шунингдек, Давлат активларини бошқариш агентлигига тегишли вазирликлар, идоралар билан биргаликда 3 ой муддатда бозор ва савдо комплекслари бошқарув тизимини такомиллаштириш ва уларни босқичма-босқич хусусийлаштириш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлаб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилган.
Юқоридагиларга асосан, Давлат активларини бошқариш агентлиги бозор ва савдо комплексларидаги давлат улушларининг сотилиши (хусусийлаштирилиши) масаласида қуйидагиларни маълум қилди:
- бугунги кунда республикадаги бозор ва савдо комплексларини сотиш жараёни хали бошлангани йўқ;
- бу жараён Президентнинг тегишли қарори қабул қилингандан кейин унда белгиланган талаблар асосида амалга оширилади;
- норматив ҳужжатларни қабул қилиш бўйича амалдаги тартибга асосан қарор лойиҳаси махсус веб-порталда жамоатчилик муҳокамасига қўйилади, билдирилган фикр ва мулоҳазалар, вазирлик, идоралар ва маҳаллий ҳокимликларнинг таклифлари фикр-мулоҳазалари эшитилади;
- шу билан бирга соҳа мутахассислари, халқаро экспертлар, мустақил кузатувчилар, ОАВ вакиллари ва кенг жамоатчилик иштирокида давра суҳбати кўринишида муҳокама ташкил қилинади, бу жараён ОАВда ёритилади;
- муҳокама натижалари асосида қайта ишланган қарор лойиҳаси Адлия вазирлигининг юридик экспертизаси асосида Вазирлар Маҳкамасига киритилади;
- бозор ва савдо комплексларидаги давлат улушларнинг савдоларга қўйилиши, сотилиши ва сотишдан кейинги мониторинг жараёнлари қонунчилик талаблари асосида Агентлик расмий веб-сайти, ижтимоий тармоқлари ва ОАВда доимий равишда ёритиб борилади.
Аввалроқ Бош прокурор Урганчдаги марказий деҳқон бозорда карантин қоидаларига риоя қилинмаётганига гувоҳ бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Наманган вилояти ҳокими деҳқон бозорларида олибсотарлар савдо қилишини танқид қилгани ҳақида хабар берилган.