Наманган вилояти ҳокими деҳқон бозорларида олибсотарлар савдо қилишини танқид қилди

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясида деҳқон бозорларда деҳқонлар эмас, олибсотарларнинг маҳсулот сотаётганлигини ва бу ҳолат нарх-навога ўз таъсирини кўрсатаёганлигини танқид қилди, деб хабар бермоқда «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, вилоят ҳокими Шавкат Aбдураззоқов озиқ-овқат хавфсизлиги борасида ушбу соҳага ихтисослаштирилган йирик корхоналарга марказий бозорлардан жой ажратиш ҳамда маҳсулотларини биринчи қўл сифатида арзон нархда сотишга имкон яратиш кераклигини таъкидлаган. Шунингдек, вилоят ҳокими деҳқон бозорларида деҳқонлар эмас, олибсотарлар маҳсулот сотаётгани ва бу борада назорат сустлиги, бозорлар маъмурияти деҳқонлар маҳсулот сотишига қаршилик қилишини танқид қилган.

«Кўп бозорларда деҳқонларимизга шароит яратиш масаласи бор. Эрта тонгдан улар бозорга келиб, маҳсулотини сотади. Лекин маҳсулотни олибсотарлар олиб, соат 8 дан кейин бир-икки баравар қимматига сотади. Aгар мана шу масалани ‘бу — майда иш’ демасдан шуғуллансак, деҳқонларга қўшимча шароит яратиб берсак, нима учун шаҳарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича улгуржи савдо майдони бўлмаслиги керак? Бу масалага ҳал этиш учун сектор раҳбарлари, бозор уюшмаси, давлат солиқ бошқармаси кучли эътибор бериши лозим», — деди вилояти ҳокими.

Фото: «Tez News»

Сессия давомида Шавкат Абдураззоқов мутасаддиларга Чорсу бозори атрофида улгуржи бозор ташкил қилиш таклифини киритиш кераклигини айтган. Бозорга чиқаётган деҳқонлар маҳсулотини олиб-сотарлар эмас, ўзлари сотишини, ана ўшанда нархлар арзон бўлишини таъкидлаган. Шунингдек, захираси учун кўпроқ миқдорда озиқ-овқат олиб кетадиган фуқаролар учун қоплаб сотадиган ҳудудлар ташкил этиш таклифини берган.

«Таҳлилларимизга кўра, вилоятда асосий 8 турдаги маҳсулотдан нархи ошиб кетиш хавотири бўлган 4 та маҳсулот бор. Биринчидан, гўшт маҳсулоти. Уни ўзимизда ишлаб чиқариш етарли, бироқ гўштни Тошкентга ва бошқа вилоятларга сотиш ҳолатларини тўхтатиб бўлмайди, тадбиркор буни ўзи белгилайди. Иккинчидан, гуруч, истеъмолимизга етмайди. Чунки ерларимиз водийда жойлашган, ҳаммаси ҳисоб-китобли ва сувни юқори жойларга олиб чиқиш муаммоси мавжуд. Учинчидан, шакар. Биласиз, ҳозир республика бўйича шакар ишлаб чиқариш йўқ. Биз ҳам четдан олиб келамиз. Бунинг учун ҳокимлик ҳузурида ташкил этилган жамғарма маблағларидан фойдаланамиз. Кейингиси эса ўсимлик ёғи. Бу ҳам вилоятда етарли эмас, очиқ айтишимиз керак», — дея таъкидлаган Шавкат Абдураззоқов.

Фото: «Tez News»

Вилоят ҳокими мана шу тўртта — нархи кўтариладиган ва захираси етишмайдиган маҳсулотлар таъминоти бўйича режа тузилганини, шунингдек, уларнинг нархини деҳқонларга шароит яратиб бериш орқали ушлаб туриш мумкинлигини таъкидлаган.

Маълумот ўрнида, ҳозирда Наманган вилояти аҳолиси сони 2 миллион 834 минг нафарни ташкил этиб, мёъер бўйича аҳоли истеъмоли учун келгуси 6 ой давомида 39,7 минг тонна гўшт, 21,0 минг тонна товуқ гўшти, 10,1 минг тонна балиқ, 74,6 минг тонна картошка, 13,9 минг тонна гуруч, 128,6 минг тонна ун, 15,6 минг тонна шакар, 12,9 минг тонна ўсимлик ёғ, 283,5 миллион дона тухум, 9,5 минг тонна пиёз ва 27,8 минг тонна сабзи маҳсулотлари талаб этилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича жамғармалар ташкил этилиши ҳамда Ўзбекистонда айрим озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш ва сотиш қўшимча қўшилган солиқдан озод қилиниши мумкинлиги хабар қилинганди.

Аввалроқ Олтиариқда 85 гектардан ортиқ майдондаги музхонада мева-сабзавот захиралари сақланиши, Қўрғонтепада салкам 2 ярим минг тонна картошка захира қилиниши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар