Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича жамғармалар ташкил этилади

Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, ҳар бир ҳудудда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича алоҳида жамғармалар ташкил этилиши белгиланган. Ҳудуд раҳбарлари тадбиркорларни жалб қилиб, етишмайдиган асосий озиқ-овқат маҳсулотларини жамғарма ҳисобидан бошқа жойдан олиб келиш ёки импорт қилишни йўлга қўяди. Бундай тадбиркорлар учун кредит фоизининг бир қисми Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан қоплаб берилади.

«Бугундан барча чораларни кўриб, амалдаги тизимни ўзгартирмасак, эртага қиш ва баҳор ойларида қийин бўлади. Озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириб, бозордаги нарх-навони арзон қилсак, одамларни, айниқса, кам таъминланганларни рози қила оламиз», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокимида ҳудуд аҳолисининг 2021 йил майгача гўшт, тухум, ун, ёғ, шакар, гуруч, картошка, сабзи ва пиёзга бўлган эҳтиёжи, бу маҳсулотларни қачон, қаердан олиш бўйича аниқ ҳисоб-китоб бўлиши кераклиги таъкидланган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги Геология фанлари университетида бўлиб, олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишди. Кейинроқ Тошкентдаги IT-парк қурилишини кўздан кечирди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Тошкент Архитектура-қурилиш институтининг янги биносини бориб кўрди. Шавкат Мирзиёевнинг ДХХ академияси ва Темурбеклар мактабининг қурилиш ишлари билан танишгани хабар қилинди.

Янгиликлар