«Биз бу университетни келажак учун қуряпмиз». Шавкат Мирзиёев Геология фанлари университетига борди
Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги Геология фанлари университетида бўлиб, олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, лойиҳа доирасида 6 та кўп қаватли иморат барпо этилиши ва 4 таси реконструкция қилиниши кўзда тутилган. Ҳозирги биринчи босқичда ўқув корпуси, Нефт ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти, Минерал ресурслар институти, Геология ва геофизика институти, Геология музейи бинолари, кутубхона, ётоқхона бунёд этилмоқда.
«Илм бизнинг қонимизда, генимизда бор. Бу марказ ҳам учинчи Ренессанс пойдеворларидан бири», — дея таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.
Қайд этилишича, Шавкат Миризёев 24 январда Олий Мажлисга мурожаатномада ҳамда 31 январь куни илм-фан вакиллари билан учрашувда геология соҳасини ривожлантиришга доир долзарб вазифаларни белгилаб берган эди. Шу асосда мамлакатда янги геология тизими яратилмоқда. Президентнинг бу соҳага оид 4 та қарори қабул қилинган.
Таъкидланишича, Геология фанлари университети соҳадаги илмий муассасаларни жамлаган яхлит мажмуа бўлади. Унинг таркибига 4 та илмий-тадқиқот институти кирган. Илгари улар тарқоқ жойлашган эди. Шунингдек, бу ерга Геология музейи кўчириб келинади. Соҳадаги муассасалар бир жойда бўлиши мутахассисларнинг яқин ҳамкорликда ишлаши, талабаларнинг илмий лабораторияларда амалиёт ўташини таъминлайди. Шунингдек, президент илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари билан ҳам суҳбатлашган.
«Илм-фан барча соҳаларни фундаментал ривожлантириш учун асос. Aввалдан эътибор берганимизда, геологиянинг ҳамма йўналишлари бўйича 15—20 фоиз аҳолини иш билан таъминлашимиз мумкин эди. Мана энди олимларга шароит яратишга ҳаракат қиляпмиз, интеллектуал мулкни асраб, қўллаб-қувватлаяпмиз. Интеллектуал мулк унинг эгасига ҳам, давлатга ҳам манфаат келтиради», — дейди Президент.
Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев ушбу даргоҳда яратиладиган шароитлар билан қизиқиб, қурилиш сифатли, лабораториялар юқори технологияли бўлиши кераклигини таъкидлаган.
«Замин мустаҳкам бўлиши керак. Биз бу университетни келажак учун қуряпмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Хабарда айтилишича, шу ерда лойиҳанинг иккинчи босқичи тақдимот қилинган. Бу босқичда Давлат геология қўмитаси биноси, Геология ахборот маркази, Геоинновацион технологиялар маркази, автотураргоҳ барпо этилиши режалаштирилган.
Мавзуга доир: «Биринчи меҳмонимиз Президентимиз бўлди». Сирдарёда сув тошқинидан жабр кўрган мирзаободлик оила янги уйга кўчиб ўтди (фото)
Аввалроқ Ўзбекистоннинг Хитой ва Жанубий Корея билан савдо айланмаси сўнгги 8 ойда салкам 6,5 миллиард долларга етгани маълум қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистон сўнгги уч йилда Хитой ва Жанубий Кореядан 5 миллиард долларга яқин сармоя ўзлаштиргани хабар қилинди.