Қўрғонтепада салкам 2 ярим минг тонна картошка захира қилинади

Aндижон вилояти Қўрғонтепа туманида 2 минг 404 тонна картошка захира қилинади. Бу ҳақда «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров вилоятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш жараёнлари билан танишиш бўйича ўтказилган инфо-тур давомида маълумот берди.

Фото: «Tez News»

Қўрғонтепа ҳокимининг сўзларига кўра, баҳор фаслида туманда жами 42 минг тонна картошка етиштириш режа қилинган. 215 минг кишини ташкил этган туман аҳолисининг бир йиллик картошка истеъмоли 11 минг тоннани ташкил этади. Шу пайтга қадар эса 27 минг тонна картошка етиштирилган. Шунингдек, қўшни туманларга ҳам сотилган.

«Президент топшириғига асосан, такрорий экиндан унумли фойдаланиш бўйича туманимизда 870 гектар майдонда кузги картошка экканмиз. Бу экилган майдонларнинг ҳар биридан 90 тоннадан олган тақдиримизда ҳам 17 минг тонна атрофида картошка чиқади. Куз-қиш мавсумида картошкага етишмовчилигини олдини олиш борасида қилинган ҳисоб-китобимизга кўра, 2 минг 404 тонна картошка захира қилишимиз керак бўлади. Демак, 17 минг тоннасини ёнимизда жойлашган Хонабод, Aндижон шаҳарлари ва бошқа туманларга етказиб беришга имкониятларимиз мавжуд», — дейди туман ҳокими Aвазбек Эргашов.

Таъкидланишича, ҳозирги кунда Қўрғонтепада туман ҳокимлиги 6 минг тонна сиғимга эга бўлган музхона, фермер хўжаликлари билан шартнома тузган. Бу учун эса давлат бюджетидан 2 миллиард сўм маблағ ажратилган. Айни пайтга қадар фермер хўжаликларига 30 фоиз маблағ ўтказиб берилган. Шунингдек, туманда картошка уруғчилигини ривожлантириш бўйича марказ очилган.

«Ўйлайманки, барча картошкаларни йиғиштириб олганимиздан сўнг, туманимиз аҳолисини куз-қиш мавсумида картошкага муҳтож қилмасдан олиб-чиқиш учун имкониятларимиз етарли», — дея таъкидлайди ҳоким.

Бундан ташқари, Қўрғонтепада 87 ярим мингта қорамол мавжуд бўлиб, аҳолини гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш борасида чоралар кўриб чиқилган. Туман ҳокими Aвазбек Эргашовнинг айтишича, фуқаролар учун гўштдан ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Шу билан бирга, Aндижон ва Хонобод шаҳарларидаги ярмаркаларга ҳам етказиб берилади.

Маълумот ўрнида, туманда 2020 йилда жами 4 минг 740 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, 1 минг 31 тонна пиёз, 893 тонна сабзи, 412 тонна гуруч маҳсулотларини захирага жамғаришни режалаштирилган. Заҳирага жамғариладиган маҳсулотларнинг 243 тоннаси ижтимоий соҳа муассасалари томонидан жамғарилади.

Аввалроқ Фарғона шаҳрида қанча қишлоқ хўжалиги маҳсулоти захира қилингани, Шаҳрихонда сўнгги 9 ойда 20 минг тоннадан ортиқ картошка етиштирилгани ҳамда Aндижонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жамғармасига 10 млрд сўм ажратилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар