Шаҳрихонда сўнгги 9 ойда 20 минг тоннадан ортиқ картошка етиштирилди
Халқ депутатлари Андижон вилояти Шаҳрихон тумани Кенгашининг VII сессияси 21 октябрь, чоршанба куни бўлиб ўтди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, сессияда туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, ташкилот, корхона ва ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган. Сессия давомида 16 октябрь куни Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалари ижроси, бу борада олиб борилаётган ишлар муҳокама этилган.
Таъкидланишича, сўнгги 9 ойда туман қишлоқ хўжалиги соҳасида қуйидаги кўрсаткичлар қайд этилган:
- 2020 йилда 119 692 тонна сабзавот етиштириш белгиланган бўлиб, 114 764 тонна сабзавот маҳсулотлари, жумладан, 20 022 тонна картошка етиштирилган;
- 12 873 тонна гўшт, 68 257 дона тухум, 380 тонна балиқ етиштириш белгиланган бўлиб, ўтган давр мобайнида 8 591 тонна гўшт, 31 333 дона тухум, 235 тонна балиқ етиштирилган;
- чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик ва асаларичилик йўналишларида жами қиймати 20 миллиард 282 миллион сўмлик 25 та лойиҳа ишга туширилган. «Шаҳриёр» чорвачилик фермер хўжалигига 3,5 миллиард сўм кредит ажратилиб, Австрия давлатидан 117 бош наслли қорамол олиб келинган;
- паррандачилик лойиҳаси асосида 494 минг бош парранда келтирилган. Жумладан, «Водий инвест зийнати» масъулияти чекланган жамиятига 1 гектар ер майдони, 3 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилиб, 240 минг, «Барака парранда» МЧЖга туман захирасидаги ерлардан берилиб, 1 миллиард 300 миллион сўм кредит ажратилиб, 150 минг дона парранда олиб келинган.
Сессияда белгиланган меъёрга асосан туман аҳолиси учун киши бошига талаб этиладиган келгуси 6 ойлик озиқ-овқат маҳсулотлари талаби ҳамда уларнинг захирасини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилган. Жумладан, 6 минг 487 гектар майдонга экилган такрорий экинлардан 107 400 тонна маҳсулот йиғиштириб олиш кўзда тутилган.
Хабарга кўра, маҳсулотларни захирага жамғариш учун туманда жами 15 800 тонна сиғимга эга бўлган омборхона ва музлаткичли сиғимлар мавжуд бўлиб, улар маҳсулотларни захирага жамғариш учун шай ҳолатга келтирилган. Туман аҳолисини қиш ва баҳор мавсумида асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 3227 тонна картошка, 1383 тонна пиёз, 1194 тонна сабзи, 559 тонна гуруч, жами 6363 тонна маҳсулот жамғариш режалаштирилган.
Бундан аввал Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича жамғармалар ташкил этилиши ҳамда Бухорода 2020/2021 йилги қиш-баҳор мавсуми учун захира қилинадиган маҳсулотлар ҳажми ҳақида хабар қилинган эди.
Шунингдек, Ўзбекистонда айрим озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш ва сотиш қўшимча қўшилган солиқдан озод қилиниши мумкинлиги маълум қилинган.