Aндижонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жамғармасига 10 млрд сўм ажратилди

Aндижонда Халқ депутатлари вилоят кенгашининг ХIII сессиясида 16 октябрь куни Президент раислигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалари ижроси муҳокама этилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарга кўра, сессияда вилоят ҳокими Шуҳрат Aбдураҳмоновнинг ҳисоботи эшитилган. Сессияда белгиланган меъёрларга асосан вилоят аҳолиси учун бугунги кунда киши бошига талаб этиладиган йиллик озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажми 2020 йилнинг 9 ойида етиштирилган маҳсулотлар асосида таҳлил қилинган.

Фото: Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, вилоят аҳолисининг сабзавот маҳсулотларига бўлган талаби 364 минг тонна бўлгани ҳолда 2020 йилда 1 миллион 111 минг тонна сабзавот етиштириш белгиланган. Ўтган 9 ой давомида 965 минг тонна сабзавот маҳсулотлари, шунингдек, 160 минг тонна картошка етиштирилган. Буғдойдан бўшаган ерларга такрорий экин сифатида экилган картошкадан 70 минг тонна ҳосил олинган.

Шунингдек, 2020 йилда вилоятда 95 минг тонна гўшт, 696,1 миллион дона тухум етиштириш белгиланган бўлиб, 9 ойда 72 минг тонна гўшт (йиллик режанинг 76 фоизи), 523 миллион дона тухум (йиллик режанинг 75 фоизи) етиштирилган. Вилоятда 2020 йилда 20 минг тонна балиқ етиштириш белгиланган бўлиб, ўтган 9 ой давомида 10 минг тонна балиқ етиштирилди.

Фото: Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Вилоятда 37 та паррандачилик, 37 та эчкичилик, 42 та қуёнчилик кластерлари ташкил этилган. Танлаб олинган кластерларга шу кунгача 150 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилган. Ҳозирда кластер корхоналар музлатгичли омборхоналарида 1,5 минг тоннадан зиёд парранда гўшти захираси яратилган.

Таъкидланишича, сессияда белгиланган меъёрга асосан вилоят аҳолиси учун киши бошига талаб этиладиган келгуси 6 ойлик озиқ-овқат маҳсулотлари талаби ҳамда уларни захирасини яратиш борасида амалга оширлаётган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилган. Жумладан, 67 минг 256 гектар майдонга экилган такрорий экинлардан ҳозиргача 926 минг 394 тонна маҳсулот йиғиштириб олингани, яна кўп майдонларда ҳосилни йиғиштириб олиш ишлари давом этаётганлиги айтиб ўтилган.

Фото: Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарда айтилишича, вилоят ҳокимлиги ҳузурида «Aндижон вилоятида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш» жамғармаси ташкил этилиб, жамғарма ҳисоб рақамига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 10 миллиард сўм маблағ ажратилган. Жамғарма маблағлари аҳолининг мол ва қўй гўшти, картошка, пиёз, гуруч, ун, шакар ҳамда ўсимлик ёғи билан узлуксиз таъминлаш, бозорларда нарх-наво кескин ошишининг олдини олиш мақсадида интервенцион харидларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун сарфланади. Бундан ташқари, тижорат банкларининг 64,2 миллиард сўм кредит маблағлари, тадбиркорлар ҳисобидан 25,1 миллиард сўм, жами 99,3 миллиард сўм маблағ етишмаётган озиқ-овқат маҳсулотларни қоплаш учун йўналтирилиши белгиланган.

Қайд этилишича, аҳолини гўшт, сут ва тухум маҳсулотлари билан мунтазам таъминлаш мақсадида кейинги 3 йил давомида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун қарийб 3 минг гектардан зиёд ер майдонлари ажратиб берилиб, уларга тижорат банкларидан 605 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилган.

Aввалроқ Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича жамғармалар ташкил этилиши ҳамда Ўзбекистонда айрим озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш ва сотиш қўшимча қўшилган солиқдан озод қилиниши мумкинлиги хабар қилинганди.

Шунингдек, Бухорода 2020/2021 йилги қиш-баҳор мавсуми учун захира қилинадиган маҳсулотлар ҳажми маълум бўлган.

Янгиликлар