Бухорода 2020/2021 йилги қиш-баҳор мавсуми учун захира қилинадиган маҳсулотлар ҳажми маълум бўлди

Бухоро вилояти ҳокимлигида 17 октябрь куни 2020/2021 йилги қиш-баҳор мавсуми учун зарур захираларни яратиш юзасидан йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарга кўра, йиғилишда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев, вилоят ҳамда шаҳар-туманлар ҳокимликлари мутасаддилари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, солиқ ва банк муассасалари раҳбарлари, бозорлар, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, таъминот корхоналари бошлиқлари, тадбиркорлар иштирок этган.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълумотга кўра, вилоят аҳолиси айни пайтда қарийб 2 миллионга етган. Шунингдек, аҳолининг кундалик талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда 2020/2021 йилги қиш ва баҳор мавсуми учун:

  • 51 минг тонна картошка;
  • 8 минг тонна пиёз;
  • 18,6 минг тонна сабзи;
  • 9,3 минг тонна гуруч;
  • 10 минг тонна шакар;
  • 9,3 минг тонна ўсимлик ёғи;
  • 27,9 минг тонна қорамол ва қўй гўшти;
  • 14 минг тонна парранда гўшти;
  • 7 минг тонна балиқ;
  • 201 миллион 330 минг дона тухум;
  • 74,9 минг тонна ун захира қилиш кўзда тутилган.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Таъкидланишича, озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратишда аҳоли сони билан бир қаторда меҳнат мигрантлари, ҳудудда яшайдиган кам таъминланган оилалар, айниқса, «темир дафтари»га киритилган фуқароларнинг турмуш шароитидан келиб чиқилади. Шу сабабли маҳалла ва қишлоқларда арзонлаштирилган нархларда озиқ-овқат ярмаркаларини мунтазам ташкиллаштириш, ночор ва пандемия шароитида оғир аҳволда қолган оилалар ҳолидан хабар олиш зарурлиги таъкидланган.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Йиғилишда захира қилинадиган ҳар бир маҳсулот таъминоти юзасидан тегишли ташкилот, идора ва корхоналар мутасаддилари шахсий масъул сифатида бириктирилиб, ўз навбатида, тизимли кузатув ва назорат ишларини олиб бориш лозимлиги таъкидланган. Шунингдек, шаҳар ва туманларда фаолият юритаётган марказий деҳқон бозорларида, қолаверса, йирик савдо мажмуаларида маҳсулотларни етарли даражада жамғариш ва аҳолига реал нархларда сотилишини таъминлаш борасида мунтазам ўрганишлар олиб бориш талаби қўйилган.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Aввалроқ Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича жамғармалар ташкил этилиши ҳамда Ўзбекистонда айрим озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш ва сотиш қўшимча қўшилган солиқдан озод қилиниши мумкинлиги хабар қилинганди.