Олтиариқда 85 гектардан ортиқ майдондаги музхонада мева-сабзавот захиралари сақланади
Фарғона вилояти Олтиариқ туманида 87 гектар майдондаги музхонада фуқароларнинг 2021 йилнинг май ойига қадар истеъмолига етадиган мева-сабзавот захиралари сақланиши маълум қилинди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров вилоятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш жараёнлари билан танишиш бўйича ўтказилган инфо-тур давомида маълумот берди.
Шавкат Мирзиёев раислигида 16 октябрь куни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган. Унда ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокимида ҳудуд аҳолисининг 2021 йил майигача гўшт, тухум, ун, ёғ, шакар, гуруч, картошка, сабзи ва пиёзга бўлган эҳтиёжи, бу маҳсулотларни қачон, қаердан олиш бўйича аниқ ҳисоб-китоб бўлиши кераклиги таъкидланган.
Шундан сўнг Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва сектор раҳбарлари 20 октябрь куни селектр йиғилиши ўтказган. Сессияда шаҳар ва туманлар кесимида аҳоли эҳтиёжи учун 2020 йил ноябрь ойидан 2021 йил май ойигача бўлган даврда талаб этиладиган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг захираси яратилиши маълум қилинган.
Хусусан, 2016 йилда ташкил этилган туман фермер хўжаликларидан бирининг музхонасида 18 та янги ишчи ўрни яратилган бўлиб, айни пайтда бу ерда 8 хил маҳсулот, хусусан, картошка, узум, шафтоли, хурмо мевалари сақланиб келинмоқда. Музхонанинг умумий майдони эса 87 сотих ерни эгаллаган.
«Музхоналаримизнинг асосий мақсади — етиштирган меваларимизнинг узоқ муддатгача сақланиши ва уларни хорижий давлатларга сифатини йўқотмаган ҳолда экспорт қилиш. Маҳсулотларимиздан узум, картошкани ўзимиз етиштирамиз. Хурмоларни эса қўшни фермерлар олиб келиб қўйишган. Улар меъёрий 1,4—1,7 даража ҳароратда сақланади. Ҳар бир контейнернинг ҳажми маҳсулотнинг сиғимига боғлиқ бўлади. Масалан, картошка 150 тонна, узум ва бошқа мевалар 80 тоннадан сақланади.
Мева ва сабзавотларни Янги йил байрами ва ундан кейин ҳам Қозоғистон ва Россия давлатларига экспорт қилиб борамиз. Ўзимизни одамларимиз ҳам қанча хоҳлашса, шунча етказиб бериш имконига эгамиз. Бундан халқимиз асло ташвишга тушмаса бўлади», — дейди фермер хўжалиги раҳбари Aзизбек Ҳакимов.
Фермер хўжалиги раисининг айтишича, бу ерда сақланаётган маҳсулотларнинг барчаси аҳолига 2021 йилнинг май—апрель ойларига қадар етади. Хўжалик музхоналарда маҳсулот сақлаш билан бирга, йилига 50 тоннадан ортиқ гўшт, 100 тоннадан зиёд ошиқ сут маҳсулотларини етказиб беради.
Мавзуга доир:
Маълумот ўрнида, Фарғона вилояти ҳокимлигининг таҳлилларига кўра, вилоят аҳолисини мол ва қўй гўштига бўлган 92,9 минг тонна, гуручга бўлган 49,7 минг тонна, ун маҳсулотига бўлган 35,6 минг тонна, сабзига бўлган 7,7 минг тонна, пиёзга бўлган 10,1 минг тонна, тухумга бўлган 105,5 миллион дона эхтиёжи маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобидан 100 фоиз таъминланади. Бундан ташқари, аҳоли эҳтиёжи учун талаб этиладиган жами 9,9 минг тонна озиқ-овқат маҳсулотларини сектор кесимида етказиб бериш графиги ишлаб чиқилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг захира ҳажмлари белгиланганди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича жамғармалар ташкил этилиши ҳақида хабар берилганди.