Фарғонада 2021 йилнинг май ойига қадар захира қилинадиган маҳсулотлар ҳажми маълум қилинди
Халқ депутатлари Фарғона вилояти кенгашининг ХIХ сессиясида Шавкат Мирзиёев раислигида 16 октябрь куни ўтказилган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган муҳим вазифалар муҳокама этилди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров хабар бермоқда.
Хабарга кўра, сессияда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ва сектор раҳбарлари ўз ҳудудида яратилган тизим, бозордаги шарт-шароитлар ва нарх-наво бўйича ҳисобот берган. Таъкидланишича, вилоятда 2018—2020 йилларда тижорат банклари томонидан чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш мақсадида қарийб 2 триллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилган.
Натижада чорвачилик соҳасида вилоятга хориждан 6,7 минг бош йирик шохли ва 12,2 минг бош майда шохли чорва моллари олиб келиниб, аҳолининг мол, қўй гўшти ва сут маҳсулотларига бўлган талаби тўлиқ қондирилишига эришилган.
Маълум қилинишича, вилоят аҳолиси учун ноябрь ойидан 2021 йилнинг май ойига қадар бўлган даврда:
- 81,6 минг тонна картошка;
- 37,7 минг тонна пиёз;
- 29,0 минг тонна сабзи;
- 18,5 минг тонна гуруч;
- 132,8 минг тонна ун маҳсулотлари;
- 35,7 минг тонна мол ва қўй гўшти;
- 35,3 минг тонна парранда гўшти;
- 20,8 минг тонна шакар;
- 17,2 минг тонна ўсимлик ёғи;
- 18,3 минг тонна балиқ;
- 393,3 миллион дона тухум талаб этилади.
Шаҳар ва туманлар кесимида аҳоли эҳтиёжи учун 2020 йил ноябрь ойидан 2021 йил май ойигача бўлган даврда талаб этиладиган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг захираси яратилади. Шунингдек, вилоятда аҳолини мол гўшти, парранда гўшти, тухум ва балиқ маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида «Экобозор»лар ташкил этилаётгани, тадбиркорларга тижорат банклари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун кредитлар ажратиш, бозорлардаги нарх-навони кунлик назорат қилиш каби кўплаб ишлар тизимли йўлга қўйилиши таъкидланди.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг захира ҳажмлари белгиланди
Aввалроқ Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича жамғармалар ташкил этилиши ҳамда Ўзбекистонда айрим озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш ва сотиш қўшимча қўшилган солиқдан озод қилиниши мумкинлиги хабар қилинганди.