Шуҳрат Абдураҳмонов 3 минг тонна картошка захирасига эга омбор калити қўлида турганини айтди

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов вилоятдаги озиқ-овқат захираси ҳамда бозордаги тадбиркорлар фаолияти юзасидан бир гуруҳ ОАВ вакилларига интервью берди, деб маълум қилди «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров.

Фото: «Tez News»

«Бу йил озиқ-овқат захирасини жамғаришда мутлақо бошқача йўл тутиляпти. Дарҳақиқат, илгари сиз айтганингиздек ҳамма юкни юз фоиз тадбиркор елкасига илиб қўярдик. Унга кредитлар берардик ва захира маҳсулоти шакллантиришни топширардик. Aммо шахсан ўзим ҳоким сифатида ўша маҳсулотини арзон нархда сотишини талаб қила олмасдим. Чунки унинг фаолиятига аралашишга ҳаққим йўқ эди. У бугун картошкани 3 минг сўмдан олиб келган бўлсаю, нарх ошиб кетгач, 5 минг сўмдан сотса, унга таъсир ўтказа олмасдим. Тадбиркор керакли маҳсулот миқдорини шакллантирарди, аммо ўзи истаган нархда сотарди. Бу йил, биринчидан, озиқ-овқат маҳсулотларини захира қилаётган тадбиркорларга маҳаллий бюджетдан субсидия ажратиб беряпмиз. Яъни эртага у зарар кўрмаслигини инобатга оляпмиз.

Иккинчидан, ҳеч қачон бўлмаган вилоят, туман (шаҳар) ҳокимининг захирасини яратяпмиз. Шахсан ўзим вилоят бюджетидан 10 миллиард сўм ажратдим ва бу — ҳали бошланиши. Ҳокимлик озиқ-овқат захирасини шакллантиряпти. Қирғизистондан 3250 минг сўмдан картошка олиб келяпмиз. Шу билан бирга, етишмаётган маҳсулотларни келтириш учун тадбиркорларга ҳам маҳаллий бюджетдан субсидиялар ажратилмоқда. Улар зарар кўрмаслиги учун шундай иш қилиняпти», — дейди вилоят ҳокими.

Шунингдек, ҳоким шу вақтга қадар ҳокимликнинг ўз захираси бўлмаганини, яъни давлат захираси бўлган, аммо ҳокимлик захираси йўқлигини таъкидлаган. Захира омборлари калити эса ўзида бўлишини маълум қилган.

Фото: «Tez News»

«Вилоятга 9,5 минг тонна картошка зарур бўлиб, ҳокимлик шундан 3 минг тоннасини захира қилиб олиб қўймоқда. Бу маҳсулот февраль—март ойларигача омборда туради. Омбор калити менда турибди. Картошка қачон қимматлашиб кетадиган бўлса, ўша пайтда бу картошкани, авваламбор, нарх-навони яхшилаш учун, қолаверса, халқимизни рози қилиш учун бозорга чиқартираман. Бу картошкани баҳорга яқин савдога чиқара бошлаймиз. Aгар нарх кўтарилиб кетадиган бўлса, захирада турган маҳсулотни дарҳол бозорга чиқарамиз ва вазиятни ўнглаймиз. Менга ҳеч қандай фойда керак эмас, халқимиз рози бўлса бўлди. Бу менинг пулим эмас, халқнинг пули.

Бундан ташқари, Шуҳрат Aбдураҳмонов Aндижонда бирор тадбиркор «ҳоким маҳсулотларимизни арзон сотишга мажбурлаяпти», дея олмаслигини айтган. Шунчаки, «даладан дастурхонга» тамойили остида арзонлаштирилган расталар ташкил қилинаётганлигини, бироқ бозор ичида тадбиркорлар ўз маҳсулотини истаган нархда сотаётганлигини таъкидлаган.

«Президентимизга раҳмат, ҳозирда маҳаллий бюджетда пул қоляпти. Илгари ҳокимларда пул бўлмасди. Энди эса маҳаллий бюджетдан ортган пул ўзимизда қоляпти. Ҳозир битта рақамни айтаман: учинчи чорак якуни билан вилоятда 50 миллиард сўм пул бор. Озиқ-овқат хавфсизлиги учун бу пулдан, керак бўлса, яна ажратамиз», — дея таъкидлади Aндижон вилояти ҳокими.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов қўлида коронавирусга қарши ишлатиладиган 49 хил дори-дармон воситалари 3 ойлик захирасининг калити турганлигини айтганди.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича жамғармалар ташкил этилиши ҳамда Ўзбекистонда айрим озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш ва сотиш қўшимча қўшилган солиқдан озод қилиниши мумкинлиги хабар қилинганди.

Янгиликлар